Линклар

Фарангис Саид 19 январ - душанба куни Аднан Пачачи раҳбарлигидаги Ироқ Бошқарув Кенгаши делегацияси ва АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти раҳбари Пол Бремер билан учрашган БМТ Бош Котиби Кофи Аннан Ироқда умумхалқ сайловлар ўтказиш имкониятларини аниқлаш мақсадида у ерга махсус гуруҳ юборишга рози бўлди:

- Ироқ Бошқарув Кенгаши ва АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти, келаси бир неча ой ичида Ироқда сайловлар ўтказиш имконияти бор-йўқлигини аниқлаш, агар сайловларни ўтказиб бўлмаса, муқобил йўлни аниқлаш мақсадида БМТнинг тезда Ироққа ўз техникавий гуруҳини юборишини сўрашди. Шундай қилиб, ҳозирда асосий масала - шу йил май ойида умумхалқ сайловлар ўтказиш учун техникавий, сиёсий ва хавфсизлик жиҳатдан шароитлар бор ёки йўқлигидир.

Бундан ташқари, душанба кунги учрашув давомида БМТ ходимларининг яқин орада Ироққа қайтиб, у ердаги қайта қуриш ишларини давом эттиришлари масаласи ҳам муҳокама этилди.

Маълумки, БМТ ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар, Ироқ уруши сабабли, совуқлашган эди. Вашингтоннинг уруш режасига қарши чиққан БМТ ҳарбий ҳаракатлардан кейин бошланган қайта қуриш ишларида ҳам ҳозирча катта рол ўйнамаяпти. Ироқдаги ишларни энди фаоллаштира бошлаганида эса БМТ ходимлари ҳужумлар нишонига айландилар. Ўтган йил 19 августда БМТнинг Бағдоддаги ваколатхонасига бомба ҳужуми уюштирилгани ва оқибатда 21 ходим, шу жумладан Сержио Виейра де Мелё ҳалок бўлганидан сўнг, халқаро ташкилот ўз ходимларини Ироқдан чақириб олган эди. Мана эндиликда Кофи Аннан БМТнинг Ироққа қайтиши масаласини кўриб чиқмоқда.

Кузатувчилар фикрича, АҚШ масаланинг ижобий ҳал этилишидан манфаатдор. Чунки кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар 1 майда тугаганига қарамай, АҚШнинг Ироқдаги қўшинларига қарши ҳужумлар давом этмоқда. Бундан ташқари, 19 ва 20 январ куни Ироқда бўлиб ўтган норозилик намойишлари кўрсатаётганидек, ироқликларнинг маълум қисми мамлакатда янги ҳукуматнинг умумхалқ референдум орқали сайланиши ва АҚШнинг Ироқдан чиқиб кетиши тарафдоридир.

Душанба куни бошланиб, сешанба куни ҳам давом этган норозилик намойишлари ортидаги асосий шахс – шиалар раҳбари Оятулло Али Ал-Систонийдир. У АҚШнинг Ироқ келажагига оид режасига қарши чиқмоқда. БМТ эса АҚШ ва ироқликлар, хусусан Ал-Систоний ўртасидаги алоқаларни яхшиланиши ва сайловлар масаласида муросага эришишда ёрдам бериши мумкин.

Ҳозирда Пол Бремер раҳбарлигидаги АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти мамлакатда 30 июнга қадар янги ҳокимиятни танлаш режасини илгари сурмоқда. Режага кўра, май ойида Ироқнинг 18 вилоятида ироқликлардан таркиб топган муваққат кенгашлар тузилади. Сўнг ушбу кенгашлар аъзолари муваққат миллий ҳукуматни сайлайдилар.

Аммо Ал-Систоний ва унинг тарафдорлари умумхалқ сайловлар ўтказишни талаб қилишаётир.

Бағдодлик Козим Наим улар фикрини шундай ифодалайди:

- Ироқликлар ўз ҳукуматини тузишга қодир, ва БМТ хавфсизлик билан боғлиқ вазият сайловларни ўтказиш учун қулай эмас, демаслиги керак. Ироқликлар ўз ҳукуматини туза олади.

Хўш, нима сабабдан Ироқда 150 минг аскарга эга бўлган ва 2004 йилда қайта қуриш ишларига 20 миллиард доллар сарфлашни режалаштираётган АҚШга расмий салоҳият, қўшинлар ва ҳатто катта маблағга эга бўлмаган диний етакчи қарши чиқмоқда?

Мутахассислар фикрича, бунинг сабаби Ал-Систонийнинг ироқликлар орасида катта обрўга эгалигидадир. Оятулло обрўси эса унинг Саддам Ҳусайн даврида режимга қарши чиққани, Ироқ-Эрон уруши давомида на Саддам Ҳусайн, на Эроннинг шиа раҳбарияти тарафига ўтгани, яъни унинг бетарафлигидан келиб чиқади. Ҳозирда Ал-Систоний Ироқнинг янги ҳукумати АҚШ қўлидаги қўғирчоққа айланишидан огоҳлантираётир ва шу сабаб умумхалқ сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда.

Таниқли америкалик таҳлилчи Фарид Закария “Вашингтон Пост” газетасида чоп этган мақоласида Ал-Систоний хавотирлари асосли эканини эътироф этади. Айни вақтда у ҳокимиятни ироқликларга босқичма-босқич топшириш борасидаги Вашингтон режасининг тўғри эканини инкор этиб бўлмайди, деб ҳисоблайди.

Умумхалқ сайловлар овоз берувчиларни рўйхатга олиш, сиёсий партиялар тузиш, ҳукумат идораларини таъсис этишни тақозо этади. Бу эса ҳам маблағ, ҳам вақт талаб қилади. Бундан ташқари, Ироқда ҳамон беқарорлик ҳукм сураётгани сайловларни ўтказишда асосий тўсиқ бўлиши мумкин.

Ироқдаги сайловларга оид муҳокамалар давом этар экан, БМТ ходимлари шу масалани бевосита Ироқ ўзида ўрганиш мақсадида Бағдодга отланмоқдалар.
XS
SM
MD
LG