Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:11

Ислом Каримов Кувайтга жўнаб кетди


Тўлқин 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Кувайт амири шайх ал-Аҳмад ас-Сабоҳнинг таклифига биноан икки кунлик расмий ташриф билан мазкур мамлакатга жўнаб кетди.

Президент сафар олдидан Тошкент аэропортида журналистларга берган интервьюсида ташриф давомида 6 та муҳим ҳужжатга имзо чекиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий, фан, техника соҳаларида алоқалар ўрнатиш, ўзаро сармояларни ҳимоялаш тўғрисида ҳужжатлар имзолаш мўлжалланган.

Ташриф давомида, шунингдек, икки томонлама солиқ олишни ва авиация қатновини тартибга солиш, террорчилик, гиёҳванд моддалар контрабандаси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида битимлар, Араб иқтисодий тараққиёти Кувайт жамғармаси билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш кўзда тутилган.

Ислом Каримов Кувайт билан мавжуд ҳамкорлик алоқалари кўламидан қониқмаслигини билдирди. Унинг айтишича, илгари имзоланган турли ҳужжатлар ижро этилмаётир. Ташрифдан кўзланган мақсад мана шу алоқаларга янгича маъно-мазмун беришдан иборат.

Кузатувчиларнинг билдиришича, бу сафар Ўзбекистон раҳбарининг Кувайтга илк расмий ташрифидир. Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг айтишича, сўнгги 7-8 йил мобайнида Ўзбекистон Президенти араб давлатлари ва Яқин Шарқ минтақасига сафар қилмаган. Бироқ бу мамлакатлар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш Ўзбекистон учун муҳим.

Расмий маълумотларга кўра, Араб иқтисодий тараққиёти Кувайт жамғармаси делегациясининг 1997 йилнинг 24-26 июнь кунлари Тошкентга қилган сафари икки томонлама алоқаларнинг жонланишига муҳим омил бўлган. Мазкур ташриф чоғида жамғарманинг Нукус ва Урганч шаҳарларини ичимлик сув билан таъминлаш лойиҳасини молиялаштириш учун 19 миллион доллар кредит ажратиши ҳақида битим имзоланган. Шунингдек, жамғарма Қарши магистрал каналини таъмирлашга ҳам шунча маблағ ажратган.

Расмий манбаларнинг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳукумати ва Араб иқтисодий тараққиёти Кувайт жамғармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланса, жамғарма умумий қиймати 215 миллион доллар бўлган 9 лойиҳани молиялаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
XS
SM
MD
LG