Линклар

logo-print

Танқидий мақолалари учун журналист ишдан бўшатилди

  • Садриддин Ашур

19 январь куни “Freedom house” ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида Хоразм вилоятида чоп этиладиган “Янгиариқ овози” газетасининг собиқ мухбири Шуҳрат Оллоназаров инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва хорижий ОАВ журналистлари учун матбуот анжумани ўтказди.

Ш.Оллоназаровнинг сўзларига қараганда, у 2003 йил 29 декабрда ноҳақ ишдан олинган. Бунга унинг кескин танқидий мақолалар ёзгани сабаб бўлган. Бу мақолаларда тумандаги турли ижтимоий-иқтисодий муаммолар, ҳатто туман ҳокими йўл қўйган камчиликлар қаламга олинган.

“Менга қўнғироқлар қилишиб, хоҳлашса, уйимга наркотик модда ташлаб қаматиб юборишлари, машинага бостириб ўлдиришлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантиришди. Туман ҳокимига икки бор учрашдим. У ҳам хоҳласа, мени йўқотиб юбориши мумкинлигини таъкидлади. Туманда ўзи президент, вилоятда вилоят ҳокими президентлигини айтди. Республикада менинг шикоятларимни ҳеч ким тингламаслигини билдирди”, деди журналист.

Шуҳрат Оллоназаров 45 ёшда, ўрта махсус маълумотга эга, мутахассислиги электриклик. 1988 йилда “Ишчи-деҳкон журналистлари” икки йиллик курсини битирган ва Ўзбекистон журналистлар уюшмасига аъзо бўлган. “Янгиариқ овози” газетасида 10 йил ишлаган.

Журналистнинг айтишича, сўнгги 3 йил давомида мазкур газетада 63 та танқидий мақола босилган бўлиб, шундан 44 таси унинг қаламига мансуб. Маҳаллий раҳбарлар ундан қутулиш мақсадида туман прокуратурасига бир неча бор шикоят уюштирган. Лекин унга қўйилган айблар тасдиқланмаган. Шундан сўнг Бош прокуратуранинг нашри бўлмиш “Ҳуқуқ” газетасининг 2003 йил 10 декабрь сонида у тўғрида “Журналист ниқобидаги фирибгар” сарлавҳали фельетон чиқартиришган.

Бироқ, Ш.Оллоназаровнинг таъкидлашича, бу фельетондаги бирорта факт ҳақиқатга тўғри келмайди, фақат туҳмат-бўҳтондан иборат. Фельетонни ёзган журналист у билан ҳатто учрашмаган.

Мазкур фельетон муаллифи “Ҳуқуқ” газетасининг Хоразм вилояти бўйича мухбири Эрпўлат Бахт. У ўз мақоласида Ш.Оллоназаровга фирибгар, ёлғончи, порахўр, дея баҳо берган.

Хабарларга кўра, журналист шу мақолада келтирилган фактлар асосида ишдан бўшатилган. Бироқ бу маълумотларнинг тўғрилиги текшириб кўрилмаган.

Ш.Оллоназаровнинг айтишича, фельетонда ўзига қарши фикр билдирган шахсларнинг деярли ҳаммаси унинг танқидий чиқишлари қаҳрамонларидир. Улар: “Журналист биздан пора сўради, бермаганимиздан сўнг бизни танқид қилди”, дея кўрсатма берган.

Фельетон муаллифи Ш.Оллоназаровнинг олий маълумоти йўқлигини писанда қилган. Лекин, кузатувчиларнинг фикрича, унинг олий маълумотли айрим журналистлардан қалами ўткирлигини ёзган мақолалари кўрсатиб турибди.

“Ҳуқуқ” газетаси бош муҳаррири Абдураззоқовнинг сўзларига қараганда, ҳозир фельетонда келтирилган фактлар текшириб кўриш учун прокуратурага жўнатилган. Агар Ш.Оллоназаров ўзини ҳақоратланган ҳисобласа, газетани судга бериши мумкин, деди бош муҳаррир.

Кузатувчилар журналистлар орасида маҳаллий ҳокимиятга хизмат қиладиганлари кўплаб топилади, шунинг учун фельетоннинг буюртма асосида ёзилгани шундоқ кўриниб турибди, дейишмоқда.
XS
SM
MD
LG