Линклар

Ғалла мустақиллиги: фойда ва зарар муқоясаси. (Иккинчи қисм)


Тўлқин Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда экин экиладиган майдонлар 4 миллион гектардан ошиқроқдир. Бу майдонларнинг деярли 2,5 миллион гектарига пахта ва буғдой экилади.

Расмий маълумотларга қараганда, 2003 йилда 1 миллион 393 минг гектар ерга пахта экилган ва ундан 3 ярим миллион тонна атрофида ҳосил олинган. Ғалла экилган 1 миллион 100 минг гектар майдондан эса 5 миллион 100 минг тонналик хирмон кўтарилган.

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори Қурбон Розиқовнинг фикрича, экин майдонларининг асосий қисми пахта ва ғаллага банд этилгани уларнинг мутлақо яроқсиз ҳолга келиб қолишига бош сабабдир. Бугунги кунда ер унумдорлиги шу қадар аянчли даражадага тушиб қолганки, уни маҳаллий ўғитлар воситасида кўтариш мумкин эмас. Бунинг бирдан-бир йўли алмашлаб экишни жорий этишдир.

Олимнинг таъкидлашича, шўролар даврида бу усул борасида кўплаб илмий тадқиқотлар яратилган. Бироқ улар амалга оширилмаган. Алмашлаб экиладиган экин сифатида эса фақат бедани қўллаш мумкин.

“Беда агрономияда санитар экин, дейилади. Беда тупроқ унумдорлигини қайта тиклайди, чиринди модда миқдорини оширади. Тупроқдаги бузилган мувозанатни тиклаш хусусиятига эга бўлгани учун бу ўсимлик табиий биофабрикадир”, деди Қ.Розиқов.

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Обид Рамазонов ҳамкасбининг бу фикрларини қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, расмий маълумотларга кўра, беда жами суғориладиган майдоннинг тахминан 1,5 фоизигагина экилаётибди. Ваҳоланки, алмашлаб экишда беданинг улуши жами майдонларнинг 26-30 фоизини ташкил этсагина ҳар уч йилда ернинг унумдорлиги қайта тикланиши илмий тадқиқотларда исботлаб берилган.

Олимнинг таъкидлашича, агар 3 йил давомида беда экилса, ерда кўп миқдорда тоза азот йиғилади.

Қ.Розиқовнинг фикрича, жами экин майдонларининг 40-50 фоизига пахта, 30-40 фоизига беда, қолганига дон экинлари экилса, тупроқ унумдорлигини тиклаш жараёни тезлашади.

“Мен бу таклиф билан кўп йиллардан бери ҳукумат идораларига мурожаат қиламан. Лекин барча мурожаатларим беэътибор қолмоқда”, деди профессор.
“Озодлик” мухбири Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ғаллачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевдан мавзу юзасидан фикр билдиришни сўради.

Қ.Йўлдошев айни пайтда алмашлаб экиш бўйича иш олиб борадиган илмий марказлар ташкил этиш режалаштирилаётгани, яқин келажакда бу усул, албатта, жорий этилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG