Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:21

Ғалла мустақиллиги: фойда ва зарар муқоясаси. (Биринчи қисм)


Тўлқин Айрим мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати эълон қилган ғалла мустақиллиги қишлоқ хўжалигини кўлами жиҳатдан жуда кенг бўлган муаммоларга дучор қилади.

Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ғаллачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қаҳрамон Йўлдошевнинг маълум қилишича, 1993 йилда Ўзбекистон ҳукумати ғалла мустақиллигига эришиш ҳақида қарор қабул қилган ва 2002 йилда мақсадга эришилган. Жорий мавсумда ҳам жами 1 миллион 370 минг гектар ерга ғалла экилган экан.

Аммо, мустақил кузатувчиларнинг таъкидлашича, мавсумда аслида 800 минг гектардан сал кўпроқ майдонга ғалла экилган.

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Қурбон Розиқов 2003 йилда Ўзбекистонда ғалладан айниқса мўл ҳосил олинганини билдирди. Унинг таъкидлашича, ўтган йили мамлакатда 5 миллион 100 минг тонналик хирмон кўтарилган, бу ҳосилнинг бир қисми айни пайтда Афғонистон, Грузия ва Украинага сотилаётибди.

Олим ғалла мустақиллигининг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлаётгани, биринчидан, ҳосил йиғиб олингандан сўнг бўшаган ердан 3-4 ой давомида фойдаланилмаётгани, иккинчидан, тупроқ унумдорлиги пасайиб кетаётгани ҳақида гапирди.

Унинг айтишича, ғалланинг пахта билан алмашлаб экилаётгани собиқ иттифоқ давридаги монокультура асоратларини янада кучайтириб юборган. Яъни тупроқ унумдорлиги аввалгидан кўра ёмонлашган. Агар бу жараён яна давом этса, яқин 25-30 йил ичида тупроқ унумдорлиги тузатиб бўлмайдиган даражага тушиб қолади.

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Обид Рамазонов Ўзбекистондан тупроқ унумдорлиги даражасининг пасайиши ўтган асрнинг 70-йилларидан кузатила бошланганини таъкидлади. Унинг билдиришича, бу борадаги кўрсаткич 100 баллик тизим асосида баҳоланади. Тупроқнинг унумдорлиги ҳар беш йилда текшириб борилади. Агар 2000 йилги маълумотларга таяниладиган бўлса, айрим вилоят ва туманларда бу борадаги кўрсаткич 3-10 баллгача камайгани кузатилади.

Олим бунинг обьектив ва субьектив сабаблари борлигини айтди. Унинг фикрича, биринчи сабаб - ер ўз эгасини топмагани боис деҳқончилик анъаналари издан чиққани. Иккинчи сабаб – сув тақчиллиги ва сувнинг шўрланиш даражаси ўта юқорилиги. Навбатдаги сабаб – алмашлаб экишнинг мутлақо қўлланилмаётгани.
XS
SM
MD
LG