Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:54

Тошкентда ироқлик журналист калтакланди


Буюк Британияда араб тилида чоп этиладиган “Ал-Замон” газетасининг Ўзбекистондаги мухбири Аҳмад ал-Зубайдий 18 январь куни Тошкентнинг Чилонзор туманида калтакланди.

Хабарларга қараганда, унга номаълум шахслар ҳужум қилиб, жиддий тан жароҳати етказган. Мустақил манбалар журналистнинг мияси чайқалгани, буйрак ва умуртқасида жароҳатлар борлигини маълум қилди. Шунингдек, А.ал-Зубайдийнинг мобил телефони ва 20 минг сўм (20 доллар) пули йўқолгани ҳақида айтилмоқда.

Асли Ироқ фуқароси бўлган А.ал-Зубайдий 15 йилдан буён Ўзбекистонда яшайди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати унинг мамлакатда аккредитация қилинганини тасдиқлади.

Журналистнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, унга уюштирилган ҳужум замирида сиёсий маъно ётади.

“Кечқурун уйга қайтаётганимда олти йигитга дуч келдим. Улар мени кўриши билан ҳеч гап-сўзсиз калтаклай бошлади. Ҳушимни йўқотаёзганимдан кейингина ўз йўлларида давом этди. Ишончим комилки, бу ҳужум уюштирилган. Чунки Ироққа қарши уруш бошлангандан кейин мен Ўзбекистон телевидениеси орқали Саддам Ҳусайн сиёсати ҳақида танқидий мулоҳазалар билдирган эдим. Шундан кейин менга Фаластин элчихонаси томонидан уч марта таҳдид бўлганди”, деди А.ал-Зубайдий.

Бироқ Фаластин элчихонаси ходимлари бу фикрларни рад этди. Фаластин элчисининг сўзларига қараганда, элчихона билан журналист ўртасида ҳеч қандай алоқа мавжуд эмас.

Маълумотларга қараганда, айни пайтда ироқлик журналист Тошкентдаги шифохоналардан бирига жойлаштирилган. Бу ҳодиса юзасидан эса ҳуқуқ-тартибот органлари суриштирув олиб бормоқда.
XS
SM
MD
LG