Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 09:54

Ироқда “шаффофлик”ни ким таъминлайди?


"Европа Парламенти Ироқда тинч фуқаролар нобуд бўлган холларни ўрганиш учун тергов бошлаши керак". Британиядаги Пладе Кимру деб аталувчи Уэлс Миллатчи партиясининг икки етакчиси ана шундай талабни олға сурди. Ҳар икки сиёсатчи бу масалада "шаффофлик" йўқлиги Европа Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари мезонларига путур етказаётганини таъкидлашмоқда.

Ҳасанжон: Мавзуни ўрганган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон бугун студияда.

Ҳурмат, Британиядаги Уэлс Миллатчи Партия намояндалари бундай талаб, яъни Европа Парламенти Ироқда тинч фуқаролар нобуд бўлаётгани сабабларини ўрганиши ва бу борада шаффофликни таъминлаши керак, деган талаб билан чиқишларига қандай омиллар туртки бўлган. Дастлаб шулар ҳақда маълумот бериб ўтсангиз.

Ҳурмат Бобожон: Ироқдаги коалиция кучлари қўлидан бир неча ироқлик нобуд бўлгани ҳақидаги маълумотлар Европа Парламенти депутатларини хавотирга соляпти. Уэлс Миллатчи партиясининг Британия парламентидаги депутати Адам Прайснинг айтишича, Ироқда май ойида ҳарбий ҳаракатлар расман тугатилганидан бери коалиция кучлари тинч аҳолидан қарийб 250 одамни ўлдиришгани ҳақида маълумотлар бор. Унинг айтишича, Иттифоқнинг камида уч давлати – Британия, Нидерландия ва Дания қўшинларининг шу ходисаларга алоқаси бўлган бўлиши мумкин.
17 холат юзасидан Британия қуролли кучларининг махсус полицияси тергов ўтказаяпти. Бироқ, ҳозирча, Прайснинг айтишича, Британия ҳукумати атига 3 одам ўлгани учун, уларнинг оила аъзоларига товон пули тўлаган. Бу пул бор йўғи 5 минг долларни ташкил этган. Яъни хар бир ўлим холати учун 5 минг доллардан 15 минг доллар тўланган.

Ҳ:Икки депутат талаб қилаётган тергов Ироқда қандай амалга оширилади ва бу билан Европа Иттифоқининг қайси идраси шуғулланади?

ҲБ:Британиялик депутатларга кўра, мазкур масалага алоҳида олинган Европа давлатларида етарли эътибор берилмаётгани боис, уни Европа Парламенти даражасига олиб чиқиш керак. Чунки, гап Иттифоққа аъзо давлатлар учун устувор масала - инсон ҳуқуқлари ҳақда бормоқда.

"Ўйлашимча, бизни, айниқса британияликларни ташвишлантираётган нарса, ўлимлар юзасидан ўтказилаётган тергов жараёнларида шаффофлик ва жавобгарликнинг йўқлиги. Ҳар қандай қуролсиз шахснинг Европа Иттифоқи ҳарбийси тарафидан ўлдирилиши бу жуда ташвишланарли холдир", - дейди Прайс.

Ҳ:Аммо, мазкур ҳолатлар Европа Иттифоқи худудидан ташқарида, яъни Ироқда содир этилган. Шу боис, Европа Парламентининг бунга аралашиб, тергов ўтказиши қонуний жиҳатдан қанчалик тўғри?

ҲБ:Депутат Прайснинг айтишича, ҳозирги вазиятда Ироқ ўзида ўлдирилган одамлар иши юзасидан тергов ўтказиб, бу ходисаларга алоқадор харбийларни жиноий жавобгарликка тортиш имконияти йўқ. Шу боис, Европа Парламенти бу ишларни ўз зиммасига олиши керак. Акс холда, Европа Иттифоқи инсон ҳуқуқлари борасидаги ўз принципларини бузган бўлади.
XS
SM
MD
LG