Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:40

Покистон ядровий технологияларни сотганликда гумон қилинмоқда


Фарангис Саид Покистон Ташқи Ишлар Вазирлиги мамлакатнинг ядровий дастури учун масъул бўлган олти киши ҳибсга олинганини маълум қилди. Бу, айрим Исломобод расмийларининг ядровий технологияларни ноқонуний равишда Эрон ва бошқа давлатларга сотганлиги ҳақидаги маълумотларни текшириш мақсадида бошланган тергов ишининг биринчи босқичидир.

Илк бор бу ҳақдаги маълумотни ноябр ойида Халқаро Атом Энергияси Агентлиги тарқатган эди. Агентлик инспекторлари маълумотни Эронда, мамлакат ядровий дастури бўйича текширув олиб бораётганларида қўлга киритганлар. 19 январ куни эса Нидерландия ҳукумати Шимолий Корея ва Ливия ҳам Покистон ва Эрон эга бўлган центрифугаларни қўлга киритганига ишора қилувчи маълумотлар борлигини билдирди.

Ундан сўнг Ғарб мамлакатлари, хусусан АҚШ, Британия ва Франция Покистон ҳукуматига масала юзасидан текширув ўтказиш борасида босим кўрсата бошлади. Покистон расмийлари ядровий технологиялар бир неча давлатга сотилгани ҳақидаги маълумотларни инкор этишда давом этса-да, бу борада чора кўришга рози бўлди.

Покистон Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот вакили Масуд Хон мамлакатдаги ядровий қуроллар бўйича етакчи лаборатория олимлари ва ходимлари сўроқ қилинаётганини билдирди:

- Биз якуний хулосага келганимизча йўқ. Текшириш ишлари давом этмоқда. Тергов давом этмоқда. Ҳали аниқ хулосага келганимиз йўқ. Айбдорлик презумпцияси йўқ. Айрим шахслар айбсиз эканини исботлаш мумкин, - деди Покистон Ташқи Ишлар Вазирлиги матбуот котиби.

Сўроқ қилинаётганлардан бири Покистон ва умуман Ислом дунёсидаги биринчи атом бомбасини яратган олим Абдул Қодир Хондир. Тергов қилинаётганлар орасида, шунингдек, Покистоннинг юқори мартабали ҳарбийлари, шу жумладан истеъфодаги генерал Аслам Бег бор. Айрим маълумотларга кўра, Абдул Қодир Хон 80-йилларда Покистоннинг у пайтги ҳукуматини Эронга 12 миллион долларга ядровий технологияларни сотишга кўндиришга уринган. Бироқ бунинг уддасидан чиқмаган.

Лондондаги Стратегик Тадқиқотлар Халқаро Институтининг центрифуга технологиялари бўйича мутахассиси Гэри Сэйморнинг айтишича, Покистон атом бомбаси ихтирочиси Абдул Қодир Хон 70-йилларда Нидерландиядаги центрифугалар ишлаб чиқарувчи Юренко ширкатида ишлаган. Шу боис у гумон қилинаётганлар рўйхатига тушган. Покистон, Эрон, Ливия ва Шимолий Кореядаги центрифугалар эса Юренко ширкати ишлаб чиқарган центрифугаларга жуда ўхшаб кетади.

Сэйморнинг айтишича, центрифуга уран моддасини бойитиш учун керак бўлган технологиядир. Бойитилган уран эса ядровий энергия ва айни пайтда ядровий қурол ишлаб чиқариш учун зарур бўлган компонентлардан бири ҳисобланади.

Британиялик мутахассис Шимолий Кореядаги “Нодон” туридаги баллистик ракета ва Покистоннинг “Гаури” русумидаги ракетаси бир-бирига ўхшашини айтиб, бу фактдан келиб чиққан ҳолда Покистон ҳукуматидаги айрим шахслар ядровий соҳадаги ҳамкорликдан хабардор бўлганларини тахмин қилиш мумкин, дейди.

Яна бир британиялик олим, баллистик ракеталар бўйича мутахассис Данкан Ленноксга кўра, Ливия ҳам “Нодон” русумидаги ракеталар технологиясини қўлга киритган.

Декабр ойида Ливия ҳукумати ядровий дастурини тўхтатиб, мамлакатда халқаро инспекторларнинг ишлашига рухсат беришга рози бўлди. Мутахассислар фикрича, эндиликда инспекторлар Ливиядаги ракеталарни текшириб, Триполининг Шимолий Корея ва Покистон билан ҳамкорлик қилган-қилмагани ҳақидаги масалага ёруғлик кирита оладилар.
XS
SM
MD
LG