Линклар

logo-print

Давосда Жаҳон Иқтисодий Форуми иш бошлади

  • Ҳурмат Бобожон

Чоршанба куни Швецариянинг Давос дам олиш масканида Жаҳон Иқтисодий Форуми иш бошлади. Унинг ишида 94 давлатдан икки мингдан ортиқ ҳукумат расмийлари ҳамда жаҳон ишбилармон доиралари вакиллари қатнашмоқда. Улар орасида БМТ Бош Котиби Кофи Аннан, Иордания Қироли Абдулла, Покистон Президенти Парвез Мушарраф, Туркия Бош вазири Режап Тойип Эрдўғон ҳамда Кока-Кола ва Ньюлет Пакард ширкатлари раҳбарлари ҳам бор. Анжуман ўтаётган Давос шаҳрчасида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. 6 мингга яқин полиция кучлари ва юзлаб ҳарбийлар у ерга жалб этилди.

Абдулла Искандар: Давос анжуман, матбуот орқали кузатаётган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон ҳозир студияда. Ҳурмат, бу йилги анжуман кун тартибига қандай масалалар қўйилган? Дастлаб шу ҳақда маълумот бериб ўтсангиз.

Ҳурмат Бобожон: Бу йилги анжуманда ўтган йиллардаги йиғинлардан фарқли равишда сиёсий ва иқтисодий ҳаётга оид масалалар кўрилмайди. Муҳокама ва учрашувларда Ироқдаги вазият, АҚШ доллари қадри тушиб бораётгани, жаҳон савдосини либераллаштириш борасидаги тўсиқлар каби масалалар кўриб чиқилади.

Анжуманнинг биринчи куни Эрон Президенти Муҳаммад Хотамий чиқишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биласиз, Эрон бу йил ҳам сиёсий ҳам иқтисодий таназзул даврини бошидан кечирмоқда. Бир томондан Эронда либерал кучлар вакилларига парламент сайловларида қатнашиш таъқиқлангани мамлакатда сиёсий бўхронни вужудга келтирди. Иккинчи томондан Бам шаҳридаги кучли зилзила оқибатларини бартараф этиш Теҳрон ҳукуматига оғир келмоқда.

АИ: Ироқ бўйича қандай масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда бу йилги анжуманда?

ҲБ:Анжуманда қатнашаётган АҚШ расмийлари Ироқда барқарорликни таъминлаш шарт-шароитлари, Ироқ иқтисодиётини қайта тиклаш режалари ва Ироқда хокимиятни ироқликлар қўлига бериш бўйича АҚШ олға сураётган режа ҳақида маъруза қиладилар. АҚШ Вице-Президенти Дик Чейни, Давлат Котиби Колин Пауэлл билан бирга анжуманда АҚШнинг Ироқдаги маъмурияти раҳбари Пол Бремер ҳам иштирок этмоқда. Хусусан, Бремер анжуман доирасида БМТ Бош Котиби Кофи Аннан билан Ироқни қайта тиклашдаги БМТнинг иштироки ҳамда ҳокимиятни ироқликларга бериш бўйича АҚШ режасини мухокама этади. Олдинроқ АҚШ маъмурияти БМТ ходимларининг Ироққа қайтишларига розилик берган эди.

АИ:Давос анжуманининг янги иштирокчилари кимлар?

ҲБ:Йиғинда бу йил Ливия вакиллари илк бор қатнашмоқда. Ливия Бош вазири Шукру Ғанимнинг Давос анжуманида пайдо бўлиши кўплар эътиборини тортди. Кузатувчилар буни узоқ йил халқаро ҳамжамиятдан изоляцияда бўлиб келган давлатнинг жаҳон иқтисодий ва сиёсий тузилмаларига қўшилиш сари уриниши, дея баҳолашмоқда.

Анжуманнинг яна бир янги қатнашчиси Грузиянинг янги сайланган Президенти Михаил Саакашвилидир. Давос иқтисодий форумида Тбилиси раҳбари дунё бизнеси етакчиларини Грузия иқтисодиётига сармоя ётқизишларига даъват этишни кўзламоқда. Саакашвили анжуман доирасида америкалик молиячи Жорж Сорос ва Россиянинг йирик энергетика ширкатлари раҳбарлари, хусусан Анатолий Чубайс билан учрашади. Чоршанба куни Ройтер мухбири билан суҳбатда Сакашивили: "Биз Россия билан яҳши муносабат қуриш истагидамиз ва унинг манфаатларини ҳурмат қиламиз. Аммо, бошқа томондан Грузия мустақил давлат эканини ёддан чиқармаслик ва Грузияга мустақил давлатга қарагандек муомилада бўлиш керак", - деди.

АИ:Ҳурмат одатда бу каби анжуманлар пайтида глобализация мухолифлари норозилик намойишларини ўтказишади. Бу йилги вазият қандай?

ҲБ:Бу йил Давос анжумани глобализация мухолифларининг кенг кўламли норозилик намойишларисиз ўтса керак. Чунки ҳеч бир ташкилот Давос атрофида намойиш ўтказишга рухсат сўраб расмийларга мурожаат этмаган. Маълумтларга кўра, айрим гуруҳлар Давос яқинидаги шаҳарларда йиғилишлар ўтказишлари мумкин. Аммо, Ҳиндистоннинг Бўмбай шаҳрида ўтаётган Жаҳон Ижтимоий Форуми аксил-глобалистларнинг эътирозли чиқишларига бой бўлди, десак бўлади. 80 минг киши иштирокида ўтаётган Жаҳон Ижтимоий Анжуманида қатнашаётганларнинг аксарияти дунёда адолатсизликлар ҳукм сураётгани ва бу адолатсизликларга Жаҳон Банки, Халқаро Валюта Жамғармаси ва Жаҳон Савдо Ташкилоти бош-қош бўлаётганини таъкидлашмоқда. Бу йиғилишда Жаҳон Банкининг собиқ иқтисодчиси Жозеф Штиглиц, Нобел тинчлик мукофоти лауреати Ширин Ибоди ва таниқли ҳинд ёзувчиси Арундати Рўй ҳам қатнашмоқда.
XS
SM
MD
LG