Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:10

Ўзбекнинг “меҳнаткаш” болалари


Саида Кузатувчилар Ўзбекистонда Жаҳон болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш конвенцияси кўп ҳолларда қўпол равишда бузилаётганини эътироф этмоқда.

Айрим ота-оналарнинг таъкидлашича, кўпгина шаҳар мактабларида болалар дарсдан сўнг мажбурий меҳнатга жалб этилади. Бунинг натижасида ўқувчилар оч қолиб кетиши, ота-оналарнинг хавотирланишига асос яратилади. Уларнинг мактаб маъмуриятига билдирган эътирозлари эса аксарият ҳолларда эътиборсиз қолдирилмоқда.

Суҳбатдош Шаҳноза Нурматованинг айтишича, айрим мактабларда ота-оналар фаррош меҳнати учун ҳам ўқитувчиларга пул йиғиб беради. Ота-оналарнинг фикрича, бу ўқувчини турли мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг олдини олади. Болаларнинг ўрнига эса фаррош ишлайди.

“Бу усулни барча мактабларда ҳам қўллаб бўлмаётир. Чунки йиғилган пулни мактаб раҳбарлари ўз билганича сарфлаши ота-оналарни қониқтирмаяпти”, дейди Ш.Нурматова.

Бошланғич синф ўқувчиларининг таъкидлашича, улар ҳар куни дарсдан сўнг қолиб, синфни тозалашга, кўча супуришга мажбур бўлади. Уйга эса тушдан сўнг соат тўртларда қайтиб келади.

Бироқ бу ҳақда ўқитувчиларнинг фикри бўлакча. Мактаб ўқитувчиларидан бирининг айтишича, мактабдан ташқари ишларга жалб этиш ўқувчиларда меҳнатга кўникмани шакллантиради.

БМТнинг Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги мувофиқлаштирувчиси жамғарма мамлакат ҳукумати билан қўшма дастур ишлаб чиққанини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, мазкур дастур доирасида давлат ва нодавлат ташкилотлари турли мавзудаги лойиҳалари билан иштирок этиши мумкин. Лекин шу кунгача мамлакатда болалар меҳнати борасидаги вазиятни таҳлил қилиш, ўрганиш, тадқиқ этиш юзасидан бирорта лойиҳа келиб тушмаган.

Ўзбекистон адвокатлар уюшмаси раиси ўринбосари Сафар Пардаев Меҳнат кодексида фуқароларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши мумкин эмаслиги белгиланганини билдирди. Бироқ, унинг таъкидлашича, мамлакатда қонундан кўра ички буйруқларга кўпроқ амал қилинади.

Халқ таълими вазирлиги бош мутахассиси Турсуной Абдуллаеванинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, вазирлик томонидан бошланғич синф ўқувчилари меҳнатидан фойдаланиш тўғрисида ҳеч қандай кўрсатма берилмаган. Аксинча, ёш болаларни кўча ва синф тозалашга олиб чиқмаслик ҳақида умумий топшириқ берилган.
XS
SM
MD
LG