Линклар

Масжид очишни сўраб, балога қолганлар


Хабарларга кўра, Фарғона вилояти Охунбобоев туманининг Пахтакор фуқаролар йиғинидаги масжидни очиб бериш талаби билан очлик эълон қилган 114 оилага ички ишлар идоралари томонидан тазйиқ ўтказилмоқда.

“Озодлик” мухбирига маълум бўлишича, янги йилнинг дастлабки кунларидан бошлаб бу фуқаролар туман ички ишлар бўлимига алоҳида-алоҳида чақирилган. Турли қўрқитув ва алдов йўллари билан улардан мажбурий равишда тушунтириш хатлари ёздириб олинган.

Эслатиб ўтамиз, 200 йиллик тарихга эга бўлган мазкур масжид бундан беш йил муқаддам қишлоқ аҳли маблағи ҳисобига таъмирланган, лекин маҳаллий маъмурлар шунча йилдан буён унинг қайтадан рўйхатдан ўтказилишига қаршилик қилиб келаётган эди. Бундан норози бўлган фуқаролардан бир қисми ўтган йилнинг 25 декабрь куни очлик эълон қилган эди.

Масжидни очиш ташаббускорларидан бири Таваккал Ҳамидовнинг айтишича, унинг уйига қишлоқ фуқаролар йиғини раиси ва участка инспектори келиб, ички ишлар бўлимига боришини тайинлаган. Бу ерда эса ундан нима учун очлик эълон қилгани ҳақида тушунтириш хатига қўл қўйдириб олишган. 16 январь куни жиноят қидирув бўлими ходими яна бир ҳужжатга қўл қўйдириб кетган. Кейинчалик маълум бўлишича, бу ҳужжат очлик эълон қилганларнинг “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзолиги ҳақида экан.
XS
SM
MD
LG