Линклар

logo-print

Як-40 самолётлари парвози вақтинча тўхтатилди


Тўлқин Маълумотларга қараганда, 13 январь куни Тошкентда рўй берган авиаҳалокатдан сўнг “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясига қарашли Як-40 русумли самолётларнинг учиши вақтинча тўхтатилган.

Давлат авианазорат бошқармаси бошлиғи Абдусаттор Эрназаровнинг айтишича, бу русумли самолётлар фожеадан кейин дарҳол рейслардан олиб ташланган. Лекин ОАВ бу ҳақда шу вақтгача ҳеч қандай маълумот тарқатмаган.

Хабарларга кўра, ҳалокатдан сўнг миллий авиакомпания паркини янгилаш режаси янада қатьийлашган. Хорижда ишлаб чиқарилган самолётлар билан бир қаторда Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасида йиғилган авиалайнерларни сотиб олиш мўлжалланган.

Авиакомпания бирлашмада ишлаб чиқарилган Ил-114-100 русумли самолётларни харид қилишни режалаштирмоқда. Авиакомпания ходимининг сўзларига қараганда, аслида бундай самолётларни сотиб олиш фикри бундан бир неча йил олдин Тўрткўл шаҳрида Як-40 самолёти ҳалокатга учраб, бир киши қурбон бўлган вақтда пайдо бўлган. Як-40 ни Ил-114-100 самолётлари билан алмаштириш бочқичма-босқич амалга оширилади.

Маълумотларга қараганда, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиапаркида ўндан ортиқ Як-40 самолёти бор. Бироқ уларнинг ҳаммасидан ҳам фойдаланилмайди. А.Эрназаровнинг таъкидлашича, авиапаркни Ил-114-100 самолётлари билан алмаштириш жараёни аллақачон бошланган.

13 январда рўй берган ҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича тергов-суриштирув ишлари ҳали давом этмоқда. Бу жараёндан сўнг Як-40 самолётларини қайтадан рейсга қўйиш масаласига эса ҳозирча ойдинлик киритилмаган.
XS
SM
MD
LG