Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:54

Водийлик савдогарлар Гулистонда норозилик чиқиши уюштирди


Турсун Бек 18 январь куни Гулистон шаҳридаги “Маҳалла” ёйма бозорида савдо қилаётган икки юзга яқин аёл Термиз-Тошкент автомагистралининг Гулистондан ўтувчи қисмидаги автомобиль ҳаракатини тўсиб қўйди.

Хабарларга қараганда, 45 минут давом этган мазкур норозилик чиқиши давомида аёллар маҳаллий раҳбарлардан савдо қилиш учун жой ажратиб беришни талаб қилган.

Маълумотларга кўра, Гулистонда Фарғона водийсидан келиб савдо билан шуғулланаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Ёйма бозор, асосан, маҳаллий савдогарлар томонидан эгаллангани боис водийликлар дуч келган ерда савдо қилишга мажбур бўлади. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ва солиқ идоралари ходимлари уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилади.

Савдогар аёллардан бирининг айтишича, улар жой масаласида бир неча марта маҳаллий ҳокимликка мурожаат қилган. Аммо натижаси бўлмаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Сирдарё вилояти бўлими раиси Аъзам Фармоновнинг билдиришича, норозилик чиқишининг асосий сабаби маъмурларнинг водийдан келган савдогарларга фаолият кўрсатишга йўл бермаётганидир. Уларнинг товарлари ноқонуний равишда олиб қўйилган. 16 январь куни эса она-бола савдогарлар солиқ ходими томонидан калтакланган ҳам.

Хабарларга қараганда, аёлларнинг норозилик чиқиши ҳокимлик маъмурлари, милиция ходимлари томонидан тарқатиб юборилган. Шундан сўнг бозор ҳудуди ҳуқуқ-тартибот органларининг қаттиқ назоратига олинган. Ўзини ўзи бошқариш органлари ва маҳалла посбонлари томонидан жамоат тартибини назорат қилиш кучайтирилган.
XS
SM
MD
LG