Линклар

Андижонлик мухолифатчилар “Давра столи” ясади


Турғунбек Андижонда вилоятдаги мухолифатдаги партиялар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари фаоллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда “Бирлик халқ ҳаракати”, “Эрк”, “Озод деҳқон”, Аграрлар ва тадбиркорлар партиялари, “Эзгулик”, “Демократик ташаббуслар маркази” каби нодавлат ташкилотлардан вакиллар иштирок этди.

Давра суҳбати ташкилотчиси, “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Андижон вилояти бўлими раиси Акбаржон Ориповнинг таъкидлашича, бу тадбир мухлифатдаги кучлар фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат бошқарувига халқнинг ўзини кўпроқ жалб қилиш мақсадида ташкил этилган.

“Озод деҳқон” партиясининг Андижон вилояти бўлими бошлиғи Араббой Турғунов мухолифатчиларнинг бошини бириктириш учун мана шундай давра суҳбатлари ўтказилиб турилиши кераклигини қайд этди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Шахрихон тумани бўлими раиси Нурмуҳаммад Азизов бу давра суҳбати вилоятдаги мухолифат вакилларининг бирлашуви натижаси сифатида янада қувонарли ва муҳим ҳол эканини маълум қилди.

Давра суҳбати иштирокчилари бу йиғилишга “Давра столи” деган ном берди. “Давра столи” йиғилишини ҳар ойда бир маротаба ўтказишга келишиб олинди. Андижон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Дилшодбек Тиллахўжаев “Давра столи”нинг ташкилий ишларини мувофиқлаштиришга масъул қилиб сайланди.
XS
SM
MD
LG