Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:32

ИРОҚ. МУНОЗАРАЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА


Ироқ Бошқарув Кенгаши раиси Аднан Пачачий АҚШга қилган сафари доирасида Конгресснинг ялпи мажлисида меҳмон сифатида иштирок этди. Конгресс мажлисида унинг аъзолари ва мамлакат халқига мурожаат қилар экан, Президент Буш ўз нутқини бўлиб, Пачачийни конгрессменларга таништирди. 21 январ куни эса, Ироқ Бошқарув Кенгаши раҳбари Вашингтонда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашиб, уларга мамлакатдаги вазият тўғрисида айтиб берди, Ироқ келажагига доир ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

БМТ Бағдодга қайтиши, мамлакатда умумхалқ сайловларини белгилаб қўйилган муддатидан аввал ўтказиш имкониятини кўриб чиқиши ва бир қарорга келиши керак. Ироқликлар, шу жумладан, шиа мусулмонларнинг нуфузли етакчиси Оятуллоҳ Али ал-Систоний ҳам БМТ мутахассислари хулосаларини қабул қилади.

Бу Ироқ Бошқарув Кенгаши раҳбари Аднан Пачачийнинг 21 январ куни Вашингтонда, журналистлар билан мулоқоти чоғида билдирган фикрларининг мағзидир.

Пачачийнинг вашингтонлик журналистлар билан учрашуви Президент Буш уни Конгресс аъзоларига таништирган куннинг эртасига бўлиб ўтди.

Конгресс палаталарининг Пачачий таклиф қилинган қўшма мажлисида чиқиш қилар экан, Президент Буш шундай деди:

- Ойлар ўтган сари, ироқликлар ўзларининг хавфсизлиги ҳамда келажаклари учун масъулиятни ўз зиммаларига олмоқдалар. Бугун биз эҳтиром билан ироқликларнинг энг обрўли лидерларидан бири - Ироқ Бошқарув Кенгашининг ҳозирги президенти Аднан Пачачийни кутиб олмоқдамиз. Жаноб Пачачий, озод ва тинчликсевар давлат қуриш йўлида Америка Сиз ва ироқликлар билан биргадир.

Журналистлар билан мулоқоти чоғида Аднан Пачачий ироқликлар олдида қатор муаммолар ўз ечимини кутиб турганига қарамай, жамият демократик ҳаёт қуришда мисли кўрилмаган тажрибани бошлаётганини таъкидлади.

- Биз турли муаммоларга дуч келаётганимизга қарамай, Ироқда яшовчан демократия қуриш йўлида муваффақият қозонишимизга ишонамиз. Биз қурадиган демократия минтақадаги бошқа давлатлар учун андоза бўлади, - деди Аднан Пачачий.

Бироқ, жаноб Пачачийнинг кайфияти қанчалик кўтаринки бўлмасин, урушдан кейинги Ироқда демократик қадриятларни қарор топтириш катта муаммо бўлиб қолмоқда.

АҚШ режасида вилоят кенгашлари май ойи охиригача муваққат парламент аъзоларини тайинлайди, парламентнинг эса, июннинг охиригача ҳокимиятни қабул қилиб оладиган Муваққат ҳукуматни тузиши кўзда тутилади.
Умумхалқ сайловларини 2005 йилда ўтказиш режалаштирилган. Бу режа мамлакатнинг Ал-Систоний бошчилигидаги шиа мусулмонлар жамоаси қаршилигига учрамоқда. Шиалар умумхалқ сайловларини зудлик билан ўтказишни талаб қилмоқдалар.

Ал-Систонийнинг ўн минглаб тарафдорлари душанба куни Бағдодда норозилик намойиши ўтказдилар. "Барча ироқликлар битта умматдир. Яхлит уммат бўлган ироқликлар умри узун бўлсин", - деб ҳайқирди ироқлик шиалар намойиш пайтида.

Ироқ муаммоларини ҳал қилиш ваколатларини БМТдан қизғаниб келган Вашингтон, эндиликда бу халқаро ташкилотдан Ироққа экспертлар гуруҳини юборишни сўрамоқда, токи у 30 июнга қадар сайловлар ўтказиш имконияти бор-йўқлиги ҳақида бир хулоса чиқариб берсин.

БМТ Бош Котиби Кофи Аннан Ироққа шундай гуруҳ юбориш тарафдори эканлигини билдирди.

Associated Press агентлигининг 22 январ куни хабар қилишича, БМТ Бош Котиби чоршанба куни Германияда, агар БМТ ўз гуруҳини мамлакатдаги вазиятни ўрганиш учун Ироққа жўнатгудек бўлса, бу гуруҳ "мустақил ва холис" иш олиб боради, деган. БМТ гуруҳини Ироққа юбориш-юбормаслик тўғрисидаги қарорнинг келаси ҳафтада қабул қилиниши кутилмоқда.

"АҚШ Тинчлик Институти" тадқиқот маркази ходими Маъмун Фандийнинг фикрича, "БМТнинг жараёнга қўшилуви - шиалар лидери Систоний ва курдлар лидери Талабаний, курдлар ва Марказий Ироқдаги суннийлар ўртасида эришилажак муросага ҳам сиёсий, ҳам ҳуқуқий асос яратади".

Пачачийга кўра, мамлакатда сайлов ўтказилишини ҳар бир ироқлик истайди. "Бироқ, - дейди у, - уч ой ичида бунинг иложи бўлармикан, масала шунда".

АҚШнинг Ироқдаги Маъмурияти раҳбари Пол Бремернинг фикрича, 30 июнгача Ироқда сайлов ўтказиш имконсиздир. Бевосита сайловлар ўтказиш масаласи синчиклаб ўрганилиши лозим бўлган масаладир, дейди у.
XS
SM
MD
LG