Линклар

ЭР-РИЁД ҚЎЛЛАГАН АҲМАД ХОЖИ ҚОДИРОВ

  • Сарвар Усмон

Чеченистоннинг Москвага хайрихоҳ Президенти Аҳмад Қодиров ўтган ҳафтада Эр-Риёдга қилган 4 кунлик сафари давомида Саудия Арабистони расмийлари томонидан илиқ кутиб олинди. Бу эса, таҳлилчилар фикрига кўра, Қодиров мавқеининг мусулмон дунёсида мустаҳкамланишига хизмат қилиши мумкин. Саудия расмийларининг маълум қилишларича, улар мамлакатдаги хайрия жамғармалари Чеченистондаги исёнчи гуруҳларга молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатишини ваъда қилганлар. Расмий Эр-Риёднинг бу баёнотлари чечен сепаратчиларининг норозилигига сабаб бўлган.

Саудия Арабистонига қилган сафаридан тўрт кун ўтгач, шу ҳафта бошида қилган чиқиши чоғида Чеченистон Президенти Аҳмад Қодиров Саудия расмийлари мамлакатдаги хусусий хайрия жамғармалари Чеченистонни қайта тиклаш ишларига молиявий кўмак кўрсатажакларига, сепаратчи гуруҳларга эса ёрдамни тўхтатажакларига ишонтирганларини таъкидлади.

Ройтер ахборот агентлигига кўра, Қодиров: "Саудиядаги барча мустақил жамғармалар давлат назоратига ўтди. Чеченистонга ёрдам бериш истагини билдирган саудияликларнинг пуллари назорат қилинади", деган.

11 сентябр воқеаларидан буён Саудия Арабистонидаги хайрия жамғармалари фаолиятига эътибор кучайиб кетган, чунки дунёнинг жуда кўп минтақалари, шу жумладан Чеченистондаги қуролли гуруҳларни айнан мана шу жамғармалар молия билан таъминламоқда, деб гумон қилинади.

Агар Саудия раҳбарияти ҳақиқатан ваъда берган бўлса ҳам, бу ваъданинг ижроси номаълум бўлиб қолмоқда. Бироқ, Қодировнинг душанба кунги чиқиши унинг Саудияга қилган сафарининг авжи бўлиб жаранглади. Сафари давомида Қодиров валиаҳд шаҳзода Абдуллоҳ бин Абдулазиз билан, бир қатор вазирлар ҳамда тадбиркорлар билан учрашди.

Карнеги марказининг Москвадаги ваколатхонаси таҳлилчиси Алексей Малашенкога кўра, Саудияга сафари Қодиров учун, шубҳасиз, муваффақиятдир. Ўтган йилги сайловларда ғалаба қозонган, бироқ, чеченистонликлар ва россияликлар ҳамда Ғарб назарида Кремлнинг қўғирчоғи сифатида қолаётган Қодиров Саудия сафаридан ўз мақомини мустаҳкамлашда фойдаланади, дейди Малашенко.

- Қодиров, шубҳасиз, ўз сафари аҳамияти тўғрисида ошириб-тошириб мақтанади. Чунки, уни таклиф қилдилар, уни тан олдилар. Бу ҳолатдан у албатта, фойдаланиб қолишга ҳаракат қилади. Саудияга қилган сафари Қодиров учун муваффақият эканлиги шубҳасиз, - дейди Алексей Малашенко.

Асли иорданиялик, ҳозирда эса Саудия Арабистонида истиқомат қилувчи, Чеченистон бўйича таҳлилчи Мурод Батал ал-Сишонийга кўра, Аҳмад Қодировнинг Чеченистон Президенти сифатида Эр-Риёд расмийлари томонидан илиқ кутиб олинишининг ўзиёқ унинг учун катта муваффақиятдир. Саудия лидерлари Ислом дунёсида катта нуфузга эга, шунинг учун ҳам уларнинг тан олиши Қодиров учун ўта аҳамиятлидир.

Ал-Сишонийнинг таъкидлашича, Қодировнинг сафари Россия Чеченистондаги уруши сепаратизмга қарши эмас, балки терроризмга қарши эканлигига Саудия Арабистонини ишонтира олганини кўрсатмоқда.

Бошқа кўплаб араб мамлакатлари каби, Саудия Арабистони ҳам ўзининг террорчиликка алоқаси йўқлигини исботлашга ҳаракат қилиб келмоқда.

Қодировнинг илиқ кутиб олиниши, дейди Ал-Сишоний, унинг ва Саудия лидерларининг терроризмга қарши курашувчилар сифатида бир сафга турганлари ифодасидир.

Бироқ, Саудия раҳбарлари - бутун саудияликлар дегани эмас. Ал-Сишонийга кўра, кўплаб оддий саудияликлар чечен исёнчиларига хайрихоҳлик билан қарайдилар.

- Оддий одамлар чечен исёнчиларини террорчилар, деб атамайдилар, бироқ, расмийлар секин-аста чечен қаршилиги вакилларини "террористлар", деб аташга ўтмоқдалар. Оддий араблар Чеченистонда юз бераётган воқеаларни улкан фожиа сифатида қабул қиладилар, шунинг учун ҳам уларга ёрдам беришни истайдилар. Бироқ, давлат чечен исёнчиларини "террористлар", деб атай бошлади ва натижада уларга молиявий кўмак кўрсатишни ноқонуний амал демоқда, - дейди Чеченистон бўйича саудиялик таҳлилчи Батал ал-Сишоний.

Қодировнинг Эр-Риёдда кутиб олиниши чечен қаршилиги аъзоларининг кескин норозилигини уйғотди. Исёнчиларнинг Chechenpress сайтида эълон қилинган баёнотда Саудия лидерлари хиёнаткорликда айбланиб, унда жумладан, шундай дейилади: "Чеченлар ўз бошидан оғир даврларни кечираётган бир пайтда хоинона зарба берганингиз учун Яратганнинг Ўзи жазоингизни берсин"

АҚШда чиқувчи Stratfor Commentary хусусий нашрида эълон қилинган бир мақолада ёзилишича чечен сепаратчиларининг бундай реакциясига қўшилувчилар оз эмас. Унда жумладан шундай дейилган: "Саудия Қироли оиласининг ислом ва мусулмонларга қарши ишлаётгани Ал-Қайданинг мамлакат ичидаги имкониятлари доирасини кенгайтиради".
XS
SM
MD
LG