Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:14

Муслималар озод этилди


Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилотининг маълум қилишича, яқинда мамлакат Президентининг амнистия тўғрисидаги фармони асосида диний эътиқоди учун қамалган 21 нафар аёл озод этилган.

Бу аёллар 1997-2001 йиллар давомида диний-сиёсий айблар билан 3 йилдан 16 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Хабарларга қараганда, дастлаб 24 муслимага нисбатан амнистия қўллаш кўзда тутилган. Бироқ негадир рўйхатда бўлганларнинг уч нафари озодликка чиқарилмаган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти раиси Михаил Ардзиновнинг таъкидлашича, уч аёлнинг озод этилмаслик сабаблари яширилмоқда. Аммо мавжуд маълумотларга кўра, уларга қамоқхона ички тартибини бузганлик айблари қўйилган.

М.Ардзиновнинг билдиришича, озод этилган маҳбусалардан тавба-тазарру ҳақидаги аризалар ёздириб олинган. Зеро, мамлакат қамоқхоналарида диний-сиёсий айблар билан қамалганлардан бундай мазмундаги аризаларни ёздириб олиш анъанага айланган. Озодликка чиқмаган аёллар эса ариза ёзишдан бош тортган.

“Ички ишлар вазирлиги 2003 йил 1 декабрда тақдим этган маълумотда диний-сиёсий айблар билан қамалган маҳбуслар сони 3 мингдан ортиқроқ экани айтилган. Бироқ мендаги маълумотларга кўра, улар 4,5 мингдан ортиқ. Шу кунга қадар бундай маҳбусларнинг нечтаси озод этилгани маълум эмас. Амнистия қўлланилиши 1 мартгача давом этади. Фикримча, 700 га яқин эркак маҳбус озод этилса керак”, деди М.Ардзинов.

Озодликка чиққан маҳбусалардан бири Шаҳзода Мусаеванинг таъкидлашича, 14 январь куни 16 муслима, 21 январда эса 5 нафари эркинликка чиққан.
XS
SM
MD
LG