Линклар

logo-print

Олажада тут дарахтига қирон келди


Хоразм вилоятида аҳолини табиий газ билан таъминлаш муаммолари ҳали ҳам ечим топмаётир.

Хонқа туманининг Шароф Рашидов номидаги жамоа хўжалиги аҳли қишнинг қаҳратон кунларида газ йўқлигидан азият чекмоқда. Олажа қишлоғи мана шу хўжалик ҳудудида жойлашган. Қишлоқ аҳлининг билдиришича, хўжаликнинг 3- ва 6-бўлимларида яшовчи фуқаролар уч йилдирки, газдан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

- 2001 йилнинг ноябрь ойидан буён газ йўқ,- дейди фуқаролардан бири.- “Хонқагаз” идорасига ҳам, прокуратурага ҳам мурожаат қилдик, барибир фойдаси йўқ.

Олажа қишлоқ фуқаролар йиғини раиси О.Бекжоновнинг сўзларига қараганда, қишлоқдаги 400 дан ортиқ хонадонда яшовчи аҳоли шундай муаммодан азият чекмоқда.

Хўжаликда жойлашган иккита мактабда ҳам табиий газ йўқлиги кўплаб муамоларни келтириб чиқармоқда. 14-мактаб директори ўринбосари Раҳима Усмонхўжаеванинг билдиришича, синф хоналари совуқлиги сабабли 45 минутга мўлжалланган дарслар 35 дақиқага қисқартирилган.

Олажаликлар газ йўқлиги аҳоли ўртасида турли хил касалликларнинг кўпайишига олиб келаётганини таъкидлайди. Одамлар уйларини иситиш учун мевали дарахтларни кесиб, ўтин қилаётганини кузатиш мумкин. Айниқса, тут дарахтлари кўплаб кесилаётгани боис ипак қурти боқиш муаммоси ҳам пайдо бўлиши кутилмоқда.

“Хоразмгазтаъминот” корхонасининг Хонқа тумани бўлими директори Ғуломбой Қуронбоев муаммолардан хабари борлигини билдирди. Унинг айтишича, газ босими жуда пастлиги ва бу ҳудудлар газ қувурларининг охирида жойлашгани сабабли муаммо барҳам топмаётир. 2004 йил қиш мавсумида бу масала ҳал этилади, деди Ғ.Қуронбоев.
XS
SM
MD
LG