Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:23

“Интерньюс” журналистларга тазйиқлар ҳақида


Шайбон “Интерньюс” халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси 2003 йилда Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларига нисбатан амалга оширилган ғайриқонуний ҳаракатлар ва журналистлар фаолиятини чеклашга қаратилган ҳолатлар бўйича мониторинг натижаларини эълон қилди.

Ташкилот мазкур ҳолатлар юзасидан ўз кузатувлари бўйича ҳисоботларни ўтган йилнинг сентябридан буён эълон қилиб келади. 2003 йилнинг декабрь ойида ўтказилган мониторинг натижаларида маош ололмаётган, таъқибга учраган журналистлар, маҳаллий ҳокимият томонидан сиқувга олинаётган нашрлар ҳақида маълумот берилган. Ҳисоботда маҳбусликдаги журналист Руслан Шариповга амнистия қўлланилмаслиги, 4-канал ходими Элмира Ҳасановага қарши телевидение биносида уюштирилган акция, хоразмлик журналист Шоҳназар Ёрматовнинг аччиқ қисмати ўз аксини топган.

Мониторинг натижалари журналистлар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари жуда кўплигидан дарак бермоқда. “Интерньюс”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳуқуқшуноси Бахтиёр Шоҳназаровнинг айтишича, биргина декабрь ойида ўнлаб шундай ҳолатлар кузатилган.

“Масалан, андижонлик мухбиримиз Зокиржон Ибрагимов Марҳамат туманидаги мактаблардан бирига бориб, ўқитувчиларнинг маош олмаётгани сабаблари билан қизиққанида мактаб директори унга Миллий хавфсизлик хизматидан рухсат олиб келишни талаб қилган. Навоийда бир журналист нон маҳсулотлари сифати тушиб кетгани сабабини билиш учун нон заводи директоридан интервью олгани борганида директор маълумот беришни рад этган”, дейди Б.Шоҳназаров.

Ҳуқуқшуноснинг айтишича, журналистнинг маълумот сўраб қилган мурожаатига беписандлик Ўзбекистоннинг барча шаҳар ва туманларида мавжуд. Маҳаллий амалдорларда бундай кайфиятнинг шаклланганига журналистнинг ўзи айбдор. Чунки у фаолиятига қилинган тўсқинлик ҳақида тегишли органларга мурожаат қилмоғи лозим. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддасида ахборот беришни ноқонуний равишда рад этган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг 1 баробаридан 3 баробаригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилган.

Мониторинг натижаларида маҳаллий ҳамда хорижий ахборот воситалари журналистларига нисбатан амалга оширилаётган таҳдидлар ҳақида ҳам маълумот берилган. Б.Шоҳназаровнинг таъкидлашича, телефон орқали пўписа қилиш, кўчада журналистга нисбатан безорилик қилишга уриниш, дўппослаш, кўпчиликнинг олдида ҳақоратлаш ҳолатлари кўп кузатилган. Бундан ташқари, бевосита ҳуқуқ-тартибот органлари ёрдамида журналистларга тазйиқ ўтказиш ҳолатлари мавжуд.
XS
SM
MD
LG