Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:03

Тахминлар тасдиғини топмаётир


13 январда Тошкент аэропортида рўй берган авиаҳалокат сабабларини ўрганаётган ҳукумат комиссияси 22 январь куни ўзининг дастлабки хулосаларини эълон қилди.

Дастлабки хулосаларга кўра, об-ҳавонинг ёмонлиги, самолётдаги носозлик ёки аэропорт авиадиспетчерининг хатога йўл қўйгани хусусидаги барча тахминлар ўз тасдиғини топмаган.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг айтишича, авиадиспетчерлар билан ҳалокат юз беришига бир ярим минут вақт қолгунгача давом этган радиоалоқада учувчилар техник носозлик ҳақида бирорта маълумот бермаган. Шу боис, “қора қути” маълумотларини ўрганмасдан туриб, техник носозлик ҳақида бир гап айтиш қийин. Шунингдек, фожеа олдидан аэропортда кўриш зонаси вертикалига 60, горизонталига 900 метрни ташкил этган.

Шу кунгача қўниш олдидан самолёт шассиси очилмагани, Як-40 аэропорт узра бир неча марта айлангани хусусидаги тахмин энг кўп илгари сурилаётган эди. М.Қодировнинг сўзларига қараганда, қўниш йўлагида самолётнинг икки ғилдираги изи қолган. Бу эса шасси очилмагани ҳақидаги тахминни йўққа чиқаради.

Мазкур авиаҳалокат террорчилик ҳаракати оқибатида содир бўлгани ҳақида ҳам фаразлар билдирилган эди. Аммо М.Қодиров текширув чоғида портловчи модда изи топилмаганини маълум қилди.

Ҳукумат комиссиясининг дастлабки хулосаларига кўра, авиаҳалокатга доир кўплаб тахминлар асоссиздир. Комиссиянинг якуний хулосаси “қора қути”даги маълумотлар қўлга киритилгандан сўнг - 25 январда эълон қилиниши маълум қилинди.
XS
SM
MD
LG