Линклар

logo-print

Амнистия қўлланган маҳбуслар сони 3,5 мингга яқинлашди


Тўлқин Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, Президент томонидан эълон қилинган амнистия асосида шу кунгача 3381 киши, шу жумладан, сиёсий-диний айблар билан қамалган 391 маҳбус озодликка чиқарилган.

Амнистия маҳбуснинг шахси, содир этган жинояти, унинг ижтимоий хавфлилик даражаси, соғлиғи, жазони ўташ давридаги хулқи ва бошқа жиҳатлари ҳисобга олинган ҳолда қўлланилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Михаил Ардзиновнинг айтишича, Ўзбекистонда озодликдан маҳрум этилганларнинг умумий сони 50 минг атрофидадир. Амнистия қўллаш муддати тугайдиган 1 мартга қадар уларнинг қарийб 4,5 мингги озод этилиши керак экан.

“Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда қарийб 3 минг нафар сиёсий маҳбус бор. Бироқ бизнингча уларнинг умумий сони 4,5 минг киши атрофида. Ички ишлар вазирлиги рўйхатида 1992-1997 йиллар мобайнида шундай айблар билан қамалганлар ҳисобга олинмаган. Чунки у пайтларда Жиноят кодексида 159-модда (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) йўқ эди. Шу боис, ўша пайтларда сиёсий-диний эътиқоди учун кишиларни 159-модда асосида эмас, балки гиёҳванд моддалар, ўқ-дори, қурол ва бошқа ашёларни сақлаганликда айблаб, сохта айблар билан қамашган”, деди М.Ардзинов.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Суръат Икромов эса Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар сони 7 минг киши атрофида эканини тахмин қилди.

М.Ардзинов мамлакатда 1300 нафар аёл маҳбус борлигини, уларнинг 24 нафари сиёсий айблар билан қамалганини таъкидлади. Унинг айтишича, амнистия асосида 300 нафар, жумладан, 21 сиёсий маҳбуса озод қилинган.

С.Икромов сиёсий айблар қўйилган аёлларга нисбатан шартли жазо қўллаш амалиёти кенг тарқалганини маълум қилди. Фақат Тошкент шаҳрининг ўзида, унинг сўзларига қараганда, 2002-2003 йилларда 150-200 аёлга нисбатан 159-модда бўйича ҳукм чиқарилган.

М.Ардзинов Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг тахминан 80 фоизини “Ҳизб ут-таҳрир” диний-сиёсий ҳаракати аъзолари, 10 фоизини ваҳҳобийлар, 5-6 фоизини оддий мусулмонлар, 4-5 фоизини “Эрк” , “Бирлик” каби сиёсий партиялар вакиллари ташкил этишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG