Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:16

“Бремер динори” қиймати ошмоқда


Фарангис Саид АҚШ Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариб, Ироқда ўз муваққат ҳукуматини ўрнатди. Пол Бремер раҳбарлигидаги ҳукумат муомалага янги динорни киритди. Кўпчилик ироқликлар янги валютани “Бремер динори”, деб аташяпти.

Муомалага киритилганидан буён динор қиймати анча ошди. Бунинг сабаблари хусусида фикр билдирган иқтисодчилар жараён ортида Ироқ иқтисодиётининг юксалиши эмас, балки олибсотарлар тарқатаётган миш-мишлар ва валюта савдоси борлигини айтишмоқда.

Озодлик радиосининг Ироқдаги мухбири Чарлз Рекнейгелнинг ҳикоя қилишича, Бағдоднинг Қорада кўчасидаги пул алмаштириш шаҳобчасида яқинда бир киши 30 минг АҚШ доллари эвазига 40 миллион динор сотиб олган. Пулларни катта қопга солган киши автомашинасида қўшни Иорданияга бориб, валютани унга катта қизиқиш билдирган бошқа олибсотарларга янада баландроқ нархда сотмоқчи бўлган. Қорада кўчасидаги шаҳобча хўжайини мухбиримизга буни ҳикоя қилар экан, Бағдоднинг деярли барча пул алмаштириш жойларида айни манзара, деб айтган.

Бағдоддан бошқа шаҳарларда ҳам худди шундай вазият, деб маълум қилади мухбиримиз. Қўшни мамлакатларда Ироқ иқтисодиёти тезда оёққа туришига ишонган одамлар янги динорни сотиб олишга шошиляптилар. Ва бу билан улар валюта атрофидаги шов-шувнинг кучайишига ҳисса қўшмоқдалар.

Масалан, Миср матбуотида айтилишича, сўнгги пайтларда мамлакат аэропортларида катта миқдордаги Ироқ динорлари мусодара қилинмоқда. Мисрга ғайриқонуний равишда олиб кирилаётган динор баъзилар учун “Виагра” дориси, уяли телефонлар ва компьютерлардан афзалроқ бўлиб қолди, деб ёзади бир газета.

Ливаннинг Байрут аэропортида ўтган ҳафта 20 миллион АҚШ доллари қийматига тенг динорни мамлакатга хусусий учқичда олиб киришга уринган одам қўлга олинди.

Қибрисда нашр этиладиган “Миддл Ист Икономик Сервей” журнали бош муҳаррири Валид Хаддурий динор қиймати ҳақида мана бундай дейди:

- Октябрда янги динор муомалага киритилган вақтда 1 доллар 2000 динорга тенг эди. Ҳозир эса 1 АҚШ доллари эвазига 1100 динор алмаштириш мумкин бўлиб қолди.

Айрим иқтисодчилар келаси бир неча ой ичида динор курси барқарорлашиши ва 1 АҚШ доллари тахминан 1500 динор даражасига етишини башорат қиляптилар.

Ироқ банклари расмийлари эса динор қийматининг янада ошишига умид қилишмоқда.

“Нефт эвазига озиқ-овқат” дастури доирасида БМТ Ироққа нисбатан иқтисодий санкциялар жорий этган даврда ироқликлар маблағларини динор эмас, балки долларда сақлашни афзал кўришар эди. “Аммо сўнгги пайтда аҳолининг янги динорга ишончи ошиб бормоқда”, - дейишади мамнуният билан бағдодлик банкирлар.

Айни вақтда Ироқ Марказий Банки вакиллари динор қийматининг кескин ошиши асоссиз экани, чунки иқтисодий вазият яхшиланмаётганини айтар эканлар, валюта курсининг кескин сакрашидан кўра, аста-секин мустаҳкамланиши миллий иқтисодиёт учун яхшироқ бўларди, дейишади.

Дарҳақиқат, динор курсининг кескин ўзгариши натижасида айрим тадбиркорлар молиявий қийинчиликларга дуч келдилар. Бу ҳақда “Миддл Ист Икономик Сервей” журнали бош муҳаррири Валид Хаддурий шундай дейди:

- Кўпчилик зарар кўрди. Мен бир неча ироқликни биламан. Улар Ироққа маблағ олиб келиб, кичик бизнес, яъни кичик меҳмонхона ёки кийим тозалаш жойини очишган эди. Улар Ироққа доллар олиб келганлар, аммо ўз хизматчиларига маошни динорда тўлашга мажбур бўлганлар. Ва улар динор қийматининг бу қадар ошиб кетишини кутмаган эдилар.

Ироқ динори қиймати ошаётганига қарамай, иқтисодиёт юксалаётганидан дарак йўқ. Аҳолининг 50 фоизи ҳозирда ишсиз. Қайта қуришга оид йирик лойиҳалар ҳали амалга оширилаётгани йўқ.

Вашингтон режасига кўра, АҚШ ва бошқа мамлакатлар ширкатлари Ироқда иш олиб боришга оид контрактларни март ойида қўлга киритишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG