Линклар

Россия Президенти Владимир Путин инсон ҳуқуқлари бўйича Чеченистондаги махсус вакил лавозимини бекор қилди.

  • Ҳасанжон

Шу ҳафтада Россия Президенти Владимир Путин Абдул Ҳаким Султигов 18 ой мабайнида ишлаб келган Чеченистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакил лавозимини тугатди. Ҳозирда бу вазифани ўтган йил охирида Чеченистон раҳбари этиб сайланган Аҳмад Қодиров бажармоқда. Кузатувчиларга кўра, бундан асосий мақсад Чеченистондаги вазият яхшиланаётганини кўрсатишдан иборат. Шу ҳақда гапирган Қодиров бундан буён Чеченистонга инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакил керак эмаслигини, республикада қонуний сайланган органлар ишлаб турганини билдирди.

Бироқ мутахассислар фикрича, Чеченистондаги вазият нормал эмас.
Европа Кенгаши маълумотига кўра, Кремлнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили идорасига 2000 йилдан 2003 йил апрел ойигача Чеченистонда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани билан боғлиқ салкам 10 минг шикоят аризаси келиб тушган.

Кўпгина инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Аҳмад Қодиров раҳбарлигида Чеченистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланмаслигини айтмоқдалар. Чунки Қодиров ва унинг хавфсизлик кучлари одам ўғирлаш, қуролли зўравонликлар содир этганлик ва сиёсий рақибларини қўрқитганликда айбланган.

Москвадаги Карнеги Маркази тахлилчиси Алексей Малашенко Қодиров зиммасига юклатилган вазифадан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлида фойдаланиши мумкинлигини айтади: “Менимча инсон ҳуқуқлари Қодировни ғазаблантирувчи омил. У омма олдида қандай баёнот беришидан қатъий назар, мен унинг бу ҳақда сўз юритганини эслай олмайман, агар ҳолис гапирадиган бўлсак, инсон ҳуқуқлари муаммоси ҳозирги вазиятда унинг ҳокимиятига шунчаки ҳалақит беради. Чунки у мутлақ ҳокимликни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда”, - дейди Малашенко.

Ғарб давлатларининг Россия ҳукуматига босими туфайли 2000 йилда Кремл расмийлари Чеченистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакил лавозимини ташкил этган. Малашенкога кўра, мазкур лавозимни тугатиш орқали Путин Ғарб танқидчиларга Чеченистондаги вазият яхшиланиб бораётганига ишора қилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, хатто Абдул Ҳаким Султигов Кремлнинг Чеченистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус вакили бўлган пайтда ҳам вазият яхшиланиши учун у жуда кам иш қилган.

Чеченистон бўйича мустақил тахлилчи Юрий Чанжинга кўра, Султиговнинг вазифаси Кремл қўмондонлиги остида Чеченистонда ҳарбий амалиётларни амалга ошираётган Россия аскарлар томонидан инсон ҳуқуқларининг поймол этаётгани тўғрисида Кремл расмийларига ҳисобот беришидан иборат бўлган. Бироқ Кремл расмийларининг Чеченистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилишини тўхтатишга уринмаётгани Султиговни жуда ноқулай вазиятда қолдирган: “Чеченистонда инсон ҳуқуқлар ҳар куни бузилмоқда. Бунинг асосий айбдори федерал ҳуқумат ва унинг қўшинлари. Аммо бизнинг федерал ҳукумат бундай нарсалар ошкор бўлишидан умуман манфаатдор эмас”, - дейди Чанжин.

Чеченистонда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳар куни давом этмоқда. Йўл ҳодисаси туфайли бир аёл ва икки чечен милиционери отиб ўлдирилганидан кейин 22 январ куни Чеченистон Хавфсизлик Кенгаши бошлиғи Рудик Дудаев Россия ҳарбийларини танқид қилди. Дудаев, бу кам учрайдиган воқеа эмаслигини ва Россия қўшинлари интизомли бўлиши кераклигини айтган.
XS
SM
MD
LG