Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:44

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари уйғур фаоллари Хитойга депортация қилиниши тўхтатилишига чақирмоқдалар.


Чинтурған Сидиқов ҳозирда Қирғизистонда узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтаётган Жалол Касаржи исмли уйғур йигитининг адвокати. Касаржи яна уч нафар уйғур фаоли билан бирга суиқасд уюштирганликда, одам ўғирлаганликда ва уйғур террор ташкилоти аъзоси бўлганликда айбланиб озодликдан маҳрум этилган.

Сидиқовга кўра, Қирғизистон расмийлари Касаржини Хитойга депортация қилиш масаласини муҳокама қилмоқдалар: “Касаржининг айби бор бўлса, у қамоқ жазосини Қирғизистонда ўташи лозим. Бироқ, улар Касаржини Хитойга депортация қилишни режаламоқдалар. Мен Касаржининг айбини исботлай олмаганликларига ҳозир ҳам ишонаман. Уларда ҳеч қандай далил йўқ. Хитой ҳукумати унинг депортация қилинишини сўраяпти. Хитойга депортация қилинган ҳар қандай уйғур судсиз ўлдириб юборилиши ҳақида миш-мишлар бор”, - дея хавотир билдирди Сидиқов.

Қирғизистонда фаолият юритаётган “Демократия” номли инсон ҳуқуқлари ташкилоти Сидиқовнинг хавотирига қўшилади. Мазкур ташкилот Марказий Осиё ҳукуматларини уйғурларни Хитойга депортация қилмасликка чақирган. Ташкилотга кўра, агар улар Хитой ҳукумати иҳтиёрига топширилса, қатл этилишлари мумкин.

Марк Аллисон Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилотининг уйғурлар масалалари бўйича мутахассиси. Унга кўра, Хитойга қўшни давлатлар тегишли текширув олиб бормасдан бир неча уйғурни Хитой ҳукуматига топширган: “Маълумот олиш ниҳоятда қийин бўлишига қарамай, яқинда Покистон ва Непал ва балки Марказий Осиёдан ҳам одамлар Хитой ҳукуматига топширилганини билдик. Сўнгги ойларда Хитой ҳукумати бир қатор давлатлар, жумладан Марказий Осиё ва Покистон билан ҳам экстрадиция ҳақидаги келишувга эришган. Бундан мақсад, чамаси Хитой ҳукумати сепаратчи ёки террорчи, деб атаётган уйғурларнинг барчаси қўлга олиниб, Хитойга топширилишини таъминлашдан иборат”, - дейди Халқаро Амнистия вакили Марк Аллисон. Унга кўра, маҳбусларни қийноққа солиниши мумкин бўлган давлатларга топшириш халқаро қонунларга зиддир.

Ҳақиқий исмини айтишни хоҳламай ўзини Содиқ, деб таништирган бишкеклик уйғур йигит Озодлик радиосига: “Ўтган йил Қирғизистон икки ёш уйғурни Хитойга депортация қилди. Хитой ҳукумати уларни қийнаб ўлдирди. Кейин Хитой расмийлари сентябр ойида улар касалликдан ўлганини айтиб, жасадларни Қашқар шаҳрида яшовчи ота-оналарига қайтардилар”, - деди.

1999 йилда Қозоғистон ҳукумати уч нафар уйғур қочқинини Хитой ҳукуматига топширди. Ўшанда уларнинг бошпана бериш ҳақида ёзган аизалари кўриб чиқилаётган эди. Хитой ҳукумати эса уларни ўлимга ҳукм қилди. Маълумотларга кўра, уйғур фаолларига белгиланган жазо ижро этилган.

Хитойнинг Бишкекдаги элчихонаси биринчи котиби Ли Хуага кўра, жиноятчиларни депортация қилиш нормал амалиётдир: “Мамлакатимизда Шинжон-Уйғур Мухтор вилояти бор. Уни уйғурлар бошқаради. Дунёда жиноятчилар тутиб топширилиши кераклиги ҳақидаги қонунлар ҳам бор”, - дейди Ли Хуа.

Германияда фаолият юритаётган Шарқий Туркистон Информация Маркази раҳбари Абдужалил Қорақош Хитой ҳукумати уйғурлар ҳуқуқларини топтаётгани ҳақидаги маълумотларни эълон қилиш билан шуғулланади. Яқинда Хитой ҳукумати Қорақош ва унинг ташкилотини қидирилаётган террорчилар рўйхатига киритди. Рўйҳатга Қорақошдан ташқари яна 11 нафар уйғур фаоли киритилган. Пекин расмийлари мазкур рўйҳатни ўтган ойда эълон қилди. Абдужалил Қорақош эса Озодлик радиосига берган интервюсида Пекин коммунистлари айбловини кескин рад этди.

Ўтган йил Қирғизистон Олий суди тўрт уйғур гуруҳини терроризм ва экстремизмда айблаб фаолиятини таъқиқлади. Улар орасида Туркистон Озодлик Ташкилоти, Туркистон Исломий партияси ва Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати ҳам бор.

АҚШ Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракатини 2002 йилда ўзининг террорчилар рўйҳатига киритган. Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШ ҳукумати Афғонистонда қўлга олинган ва ҳозирда Гуантанамо базасида сақланаётган уйғурларни Хитойга қайтариш ҳақидаги Пекин расмийлари илтимосини кўриб чиқмоқда.
XS
SM
MD
LG