Линклар

Қозоғистон Хитойга ижарага ер берганлигини рад этмоқда


Абдуллоҳ Эргаш Қозоғистон Хитойга 7 минг гектар ер майдонини ижарага берганлиги ҳақидаги хабар мамлакатда катта шов- шувга сабаб бўлди. Аммо Қозоғистон ҳукумати дунё ахборот агентликлари томонидан тарқатилган ушбу хабарни рад этмоқда ва Хитойга ижара учун ер берилмаганлигини айтмоқда. Ҳамкасбим Абдуллоҳ Эргаш мана шу мавзуни ўрганди ва Марказий Осиё ҳудудида Хитой таъсири қай даражада, деган саволга жавоб излади. Сўз навбатини Абдуллоҳ Эргашга бераман.

Жорий йилнинг 18 январида Хитой коммунистларининг “Жэ мин жибао” газетаси Қозоғистон Хитойга 7 минг гектар ерни ижарага берганлиги ҳақидаги хабарни тарқатди. Кейинроқ Ройтерс ахборот агентлиги бу ҳақда маълумот берди. Ушбу хабарда айтилишича, Хитой Қозоғистондан ижарага олган ерни 10 йил мобайнида ишлатади. Ерни хитойлик 100 нафар деҳқон ўзлаштиради. 22 январ куни Хитойнинг “Синхуа” ахборот агентлиги ушбу мавзуга яна бир бор қайтди. “Синхуа”га кўра, Қозоғистон Хитойга ерни 10 йилга эмас, уч йил муддатга ижарага берган ва бу ерда хитойлик уч минг дехқон ишлаши кўзда тутилган.

Дунё ахборот воситалари ушбу хабарни тарқатган бир пайтда, Қозоғистон матбуоти бу тўғрида сукут сақлаб келди. Ушбу мавзу “Озодлик” радиосида ёритилгачгина, Қозоғистон матбуоти бу борада илк маълумот тарқатди. Бироқ, Қозоғистон расмийлари 7 минг гектар ер Хитойга ижарага берилганлигини рад этдилар. Хусусан Қозоғистон Парламенти депутати Валижон Қалижон:

“Қозоғистон ҳукумати билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида хеч қандай келишимга имзо чекилмаган ва Қозоғистон ҳудудида Хитой Халқ Республикаси фермерларига ҳеч қандай ер берилгани йўқ. Бу борада ёлғон маълумот тарқатган оммавий ахборот воситаларини жиноий жавобгарликка тортиш лозим”, - дея баён қилди.

Аммо бошқа бир қозоқ расмийси – Алакўл ҳокими Ўролжон Жакиянов эса Хитой билан ерни ижарага бериш тўғрисида шартнома имзоланганини тасдиқлади.

“Баҳорда Хитой билан қўшма корхона очилиб, ер ижарага берилади. Бу ерда хитойлик 3000 деҳқон ишлайди”, - дейди Ўролбек Жакиянов.

Қозоғистоннинг Хитойдаги собиқ элчиси Мухтор Аувезовнинг айтишича, қозоқ ерларининг Хитойга ижарага берилиши мамлакат қонунчилигига зид келади.

“Расмийларнинг саводсизлиги хайрон қолдиради. Ахир бу жиноятку!“ дейди Мухтор Аувезов.

Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазирлиги Матбуот Котиби Адил Абишев ҳам Мухтор Аувезов фикрига қўшилади:

“Қозоғистон маҳаллий бошқарув тизимлари бундай ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқига эга эмаслар. Вазирлик номидан айтаманки, ҳукумат Хитой билан ер борасида хеч қандай хужжатни имзоламаган”, - деди Адил Абишев.

Шундай қилиб, Қозоғистоннинг Хитойга ўз ерини ижарага берган бермагани масаласи мавҳумлигича қолмоқда. Бу масалани кўриб чиққан Қозоғистон Парламенти ҳам бирон ойдинлик кирита олмади. Махаллий кузатувчилар эса Хитойнинг бош нашри - коммунистларнинг “Жэ мин жибао” газетаси бу хабарни икки марта тасдиқлагани бежиз эмаслигига эътибор қаратишмоқда. Муҳолифатга кура, агар 7 минг гектар ер майдони Хитойга ижарага берилганлиги тасдиқланса, қозоғистонликлар ҳукумат истеъфосини талаб қилиб чиқишлари мумкин. Қозоғистон “Ватанпарварлар” партияси сиёсий Кенгаши аъзоси Ўрол Саврибой гапиради:

“Бу масалада айтадиганимиз битта – биз хеч қачон қозоқ ерларини хитойликларга ижарага бердириб қўймаймиз. Ижарага берилган ерни ўзлаштиришга келаётган 3000 хитойликдан бирортасини ҳам чегарамиздан ўтказмаймиз”, - дейди Ўролбек Саврибой.

Кузатувчиларга кўра, Қозоғистонда бу масалага кўпчилик сиёсатчиларнинг қарши чиқаётгани Хитой экспансияси хавфи билан боғлиқ. Яъни, Хитой ҳукумати ерни ижарага олиш баҳонасида ўз аҳолисининг маълум қисмини иш билан таъминлабгина қолмай, Марказий Осиё ҳудудида ўз ҳозирлиги ва таъсирини янада кучайтириб олиши ҳам мумкин. Маъсалан, 2003 йилда Қирғизистон чегара ҳудудидаги 90 минг гектар, Тожикистон 1000 гектар ерни Хитойга ўтказиб берган эди.
XS
SM
MD
LG