Линклар

logo-print

Эрон: Васийлар Кенгаши Парламент таклифини рад этди

  • Ҳурмат Бобожон

Эроннинг консерваторлардан иборат Васийлар Кенгаши мамлакат парламенти олға сурган Сайлов тўғрисидаги қонунни ислоҳ қилиш таклифини рад этди. Агар депутатларнинг мазкур таклифи эътиборга олинса 20 февралга белгиланган Парламент сайловларда либерал кучларнинг минглаб вакиллари қатнашишлари мумкин бўлар эди. Эрондаги сиёсий жараённи матбут орқали кузатган ҳамкасбим Ҳурмат Бобожон ҳозир студияда.

Абдулла Искандар: Ҳурмат, қандай ислоҳотлар ҳақида гап боряпти ва нега бу борадаги таклифни Васийлар Кенгаши рад этди. Дастлаб шу ҳақда маълумот берсангиз.

ҲБ: Абдулла Искандар, биласиз, Эронда депутат бўлиш, нафақат депутат бўлиш балки сайланиш ҳуқуқига эга бўлиш учун бир қатор шартлар мавжуд. Яъни, фуқароларнинг сайланиш ҳуқуқлари шундай шартлар билан чекланган. Масалан, депутатликка номзод шахс Эронда албатта Исломга эътиқод қўйган бўлиши керак. Айнан ана шу мэъзонлар асосида ислоҳотчи кучларнинг кўпчилиги Эронда бўлажак сайловларда қатнашиш ҳуқуқидан махрум этилган ва Васийлар Кенгашининг бу қарори мамлакатда сиёсий бўхронни юзага чиқарган эди.
Якшанба куни Эрон парламенти депутатлари, айниқса у ердаги ислоҳотчилар юзага келган тарангликни юмшатиш ва бўлғуси сайловларда либерал кучлардан кўпроқ номзод қатнашишини таъминлаш мақсадида мамлакатнинг сайлов қонунидаги ана шу шартларнинг айримлари ислоҳ қилиниши кераклиги ҳақида таклифни олға суришди. Табиики бу таклифни Эроннинг Оятуллолардан иборат Васийлар Кенгаши рад этди.

АИ: Ҳурмат, айтингчи Эрон Васийлар Кенгашининг мазкур раддиясига асосан ислоҳотчилардан иборат мамлакат парламенти қандай муносабат билдирди? Умуман бундай қарорнинг мамлакатдаги шундоғам қалтис сиёсий вазиятга таъсири қандай бўлиши мумкин?

ҲБ: Васийлар Кенгаши ислоҳотчи депутатлар олға сурган сайлов қонунига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги таклифни вето қилганидан сўнг Эрондаги сиёсий таназзул энг қалтис нуқтага етди, дейишмоқда кузатувчилар. Эрон парламенти депутатларидан бири Ризо Йосефиан "Ройтер" мухбири билан суҳбатда Қўриқчилар Кенгаши қарорига муносабат билдирар экан, "Мазкур вето мамлакат Парламенти ва Васийлар Кенгаши ўртасидаги қарама-қаршилик давом этаётганининг белгисидир. Улар, яъни консерваторлар ҳеч қандай муросани хоҳлашмаяпти", - деб таъкидлади.

АИ: Эронда бўлғуси сайловларда кўпроқ либерал кучлар вакиллари қатнашишларини кафолатловчи уринишлар бесамар якун топар экан, бундан буён ислоҳотчилар қандай йўл тутишмоқчи?

ҲБ: Эрон Парламенти депутатларидан бири таъкидлаганидек, Васийлар Кенгашининг душанба кунги қарори мазкур Кенгаш ҳеч қандай муросага тайёр эмаслигини яна бир бор намоён этган ва бу вазиятда ислоҳотчилар истеъфо бериш ва сайловларни байкот қилиш тўғрисида тахдид қилишмоқда.

Президент Муҳаммад Хотамий хукуматидаги ўнлаб вазир ва амалдорлар агар либерал кучларга сайловларда қатнашиш имкони берилмаса улар истеъфога чиқишларини айтишган. Аммо, Хотамийнинг ўзи истеъфо бермаслигини, Васийлар Кенгаши билан муроса тарафдори эканини айтди.

Аммо, Шотландиядаги Глазго Университетининг Эрон масалалари бўйича таҳлилчиси Ризо Тагхизода Хотамийнинг бу уринишлари бефойда эканини айтади.

"Хотамий ўнг кучлар ва ислоҳотчилар ўртасида мувозанатни таъминлашда иккинчи даражали муросачи бўлиб кўринишга уриниб келди. Бироқ, у бу борада ҳеч нарсанинг уддасидан чиқа олмади. Қолаверса, муроса иш бермаслигини ҳамма билади. Ўнг кучларнинг Хотамий гапларини эшитгани қулоғи йўқ", - дейди Ризо Тагхизода.

Шундай экан, вазият Эрон Васийлар Кенгаши бўлажак сайловлардан четлаштирилган номзодлар рўйхатини қайта кўриб чиқсагина ўзгариши мумкин. Эслатиб, ўтамиз Эрон Олий рухонийси Оятулло Али Хоманаи чақириғига кўра, Васийлар Кенгаши бу рўйхатни 30 январгача қайта кўриб чиқишни зиммасига олган.
XS
SM
MD
LG