Линклар

logo-print

АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллнинг Россияга икки кунлик ташрифи ниҳоясига етди.

  • Ҳасанжон

Ўтган эшиттиришларда хабар берганимиздек, 26 – 27 январ кунлари АҚШ Далвт Котиби Коллин Пауэлл Россияга ташриф буюрди.
Ташрифи чоғида Коллин Пауэлл Россия Президенти Владимир Путин, Ташқи Ишлар Вазири Игор Иванов билан сўзлашувлар ўтказди.
Колин Пауэллнинг Москвага сафарини ҳамкасбимиз Ҳасанжон ўрганишга ҳаракат қилди.

Савол: Ҳасанжон АҚШ Давлат Котибининг Россияга ташрифи давомида шу мамлакат расмийлари билан қандай масалаларни муҳокама қилди?

Ҳурмат, тингловчимиз хабари бор, Колин Пауэлл Россияга Грузиядан борди. Тбилисида у Грузиянинг янги Президенти Михаил Саакашвилининг қасамёдга келтирилиши маросимида қатнашди. Пауэллнинг Москвага боришидан асосий мақсади, Ироқни қайта тиклаш, Россиянинг Грузиядаги ҳарбий базаларни ёпиш ва Россиядаги сиёсий вазиятни Кремл расмийлари билан муҳокама қилишдан иборат бўлган.

Россиядаги “Известия” газетасининг сешанба кунги сонида чоп этилган интервюда Колин Пауэлл агар Россия ва АҚШ умумий принцпларга эга бўлмаса, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юқори даражага кўтарила олмаслигини таъкидлаган.

Айни пайтда, Пауэлл Грузия Президенти Михаил Саакашвилининг инаугурация маросимида ўзи ва Россия Ташқи Ишлар Вазири иштирок этгани, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик белгиси эканини қайд этди: “Дўстлигимиз асосини очиқ ва самимий мулоқот ташкил этади. Айни шундай дўстлик АҚШ ва Россия ўртасида ўрнатилган. Мен ва Россия Ташқи Ишлар вазири Игор Иванов Грузиянинг янги Президенти жаноб Саакашвилининг инаугурация маросимида бирга қатнашганимиз ҳам бунга мисол. Кечаги мулоқотимиз чоғида Грузия бир-биримиз билан рақобатлашадиган эмас, балки ҳамкорлик қиладиган жой, деган фикрга келдик. Нима учун? Чунки бу Грузия халқига ёрдам беришнинг энг яхши йўлидир”, - деди АҚШ Давлат Котиби.

Колин Пауэллга кўра, АҚШ Грузияда ўзининг доимий ҳарбий базасини очиш ниятида эмас. Айни пайтда, Пауэлл Россия ҳукуматини Грузиядаги ҳарбий базаларини ёпиш ҳақида берган ваъдасини бажаришга чақирди.

Савол: Ҳасанжон, Пауэллнинг Россия расмийлари билан учрашувлари чоғида яна қандай масалалар кўриб чиқилди? Масалан, халқаро миқёсдаги мавзулар.

Маълумотларга кўра, томонлар оммавий қирғин қуроллари, шу жумладан айрим давлатларнинг ядровий дастурларига оид масалаларни ҳам муҳокама қилишган.
Маълумки, Россиянинг ядровий соҳада Эрон билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилаётгани Вашингтон томонидан қаттиқ танқид қилинган эди. Аммо Россия ҳукумати Шимолий Кореяни қуролсизлантиришга қаратилган музокараларда иштирок этиб келяпти.

Савол: Ҳасанжон, суҳбатимиз бошида Колин Пауэллнинг икки мамлакатдаги дўстлик асосида самимий мулоқот борлигини таъкидлаганини айтиб ўтдингиз. Бу галги учрашувда Пауэлл Россиядаги вазият хусусида танқидий фикрлар билдирдими?

АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллнинг Россия Президенти Владимир Путин ва Ташқи Ишлар Вазири Игор Иванов билан сўзлашувлари чоғида у Москва расмийларининг демократик принцплардан ортга чекина бошлагани, шунингдек, Россия ҳукумати қўшни давлатларга ўз таъсирини ўтказишга уринаётганини танқид қилди.

Айниқса, Колин Пауэлл Президент Путиннинг Россиядан мустақил бўлишга интилган Чеченистонда олиб бораётган сиёсатини қаттиқ танқид қилди. Колин Пауэлл сешанба куни Москвадаги АҚШ элчисининг расмий резиденциясида россиялик фаоллар билан учрашувда икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларга ҳам тўхтади: “Ўтмишда келишмовчиликлар бўлган. Ўтган йили жиддий келишмовчилик Ироқ масаласида юзага чиққан ва у икки томон ўртасидаги ечилмай қолди. Аммо ҳозирда илгари силжиш бор. Чунки биз ироқликларга янги жамият қуришда, демократик мамлакат барпо этишда ёрдам бериш учун бирлашишимиз кераклигини тушундик”, - деди АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэл.

Савол: Ҳасанжон, Колин Пауэлнинг ташрифига кузатувчилар қандай муносабат билдиришяпти?

Баъзи кузатувчилар Пауэллнинг сўнгги икки ой ичида Москвага иккинчи марта борганини Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар яхшиланаётганидан далолат эканини айтмоқдалар. Айримлар эса бу фикрга қўшилмайдилар. Масалан, Москвадаги Стратегик Тадқиқотлар Маркази директори Александр Коноваловга кўра, Пауэллнинг “Известия” газетасида чоп этилган танқидий фикрлари икки давлат ўртасидаги алоқалар ҳозирда унча яхши эмаслигидан дарак беради.

Раҳмат Ҳасанжон.
АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллнинг Россияга қилган икки кунлик сафарига оид маълумотлар эди.
XS
SM
MD
LG