Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:12

Россия ва АҚШ - ҳарбий ҳамкорларми ёки рақобатчилар?


Абдуллоҳ Эргаш

Россия Думаси АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллнинг Россияга расмий ташрифи мобайнида, Москва ҳукумати Марказий Осиё ва Грузияда жойлашган АҚШ ҳарбий базалари масаласини кўтармоғи зарур, деган фикрни билдирган эди. Айни пайтда “Известия” газетаси тарқатган маълумотга кўра, Колин Пуэлл ҳам Путин билан учрашуви чоғида Россия ҳарбийларининг Грузия ва Молдовадан олиб чиқиб кетиш муддатларини муҳокама қилган.

Бу икки йирик давлатнинг постсовет ҳудудига таъсир ўтказиш борасидаги рақобати қандай натижаларга олиб келиши мумкин, деган савол бугунги кунда кўпларни қизиқтирмоқда. Мавзуни Абдуллоҳ Эргаш давом эттиради.

Россия матбуоти “Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларга қарамай, АҚШ охирги олти ой мобайнида постсовет ҳудудида сиёсий таъсирини мустахкамлади, бу эса Россия расмий доираларида ташвиш уйғотди”, деб ёзмоқда. Россия Президенти Владимир Путин эса, аксинча, АҚШ билан хар томонлама муносабатлар яхшиланаётганлигини билдиради. 26 январ куни Россияга расмий ташриф билан борган Колин Пауэлл билан учрашувидан сўнг Путин шуларни айтди:

“Аксилтерор йўналишида муносабатларимиз мустахкамланмоқда. Афғонистонда бир-биримиз билан тиғиз ишламоқдамиз”, - деди Владимир Путин.

Бироқ, кузатувчилар ҳамкорлик билан бир қаторда бу икки давлат ўртасида Марказий Осиё минтақасини ўз таъсир доирасида сақлаб қолиш борасида рақобат мавжудлигини эътироф этмоқдалар. Бу рақобат ҳарбий ҳамкорлик соҳасида яққол намоён бўлади. Масалан, охирги бир ярим йил ичида Россия Қозоғистонга 1 миллион долларлик қурол-аслаҳа сотган. АҚШ эса айни шу давлат билан 5 йиллик ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган. Шартномага кўра, АҚШ Қозоғистонга “Хаммур” вездеходлари, “Хью” туридаги вертолётлар, С-130 русумидаги ҳарбий учқичлар ва Каспий денгизи учун ҳарбий кемаларни етказиб беради.

Ўзбекистон ва Қирғизистонда аксилтеррор кучлар ҳарбий базаларининг жойлаштирилиши, бу мамлакатларнинг АҚШ билан муносабатлари мустаҳкамланишига бир муддат ижобий таъсир қилди. Лекин, кейинги пайтда АҚШ расмийлари халқаро ташкилотлар босими остида Ўзбекистон ва Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида бир қатор жиддий муаммолар борлигини қайд этмоқда. Қозоғистон расмийлари эса “Казахгейт” жанжали гирдобида қолдилар. Кузатувчиларга кўра, буларнинг ҳаммаси Марказий Осиё давлатларининг АҚШ билан ҳарбий ва сиёсий муносабатларига маълум совуқчилик туширди. Россиянинг “Независимая газета”си ўз таҳлилида мана шу совуқчиликдан фойдаланган Москва Марказий Осиёда ўз ҳарбий таъсирини тиклашга ҳаракат қилмоқда, деб ёзади. Қирғизистоннинг Қант шаҳрида Россия ҳарбий ҳаво кучлари базасининг очилиши мана шу ҳаракатлардаги илк ғалаба сифатида қаралмоқда. Қирғизистон президенти Асқар Ақаев Қант базаси очилиш маросимида ўз мамлакати ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик аҳамиятига алоҳида урғу берган эди.

“Биз Россия - Қирғизистон иттифоқи ҳамкорлигини минтақавий хавфсизлик, қолаверса глобал хавфсизликнинг энг муҳим омили сифатида қабул қиламиз”, - деган эди Асқар Ақаев.

Россия Мудофаа вазири Сергей Иванов эса, Москванинг МДҲда, жумладан, Марказий Осиёда ҳарбий ҳозирлигини сақлаб қолиш мақсадига тўхталиб шундай деган эди:

“Марказий Осиёда Россия қўшинларининг жойлаштирилиши максимал даражадаги заруратдир. Негаки Марказий Осиё барқарор, лекин шу билан бирга мураккаб минтақадир. Бу ҳудудда ҳарбий таъсирни сақлаб қолиш Россиянинг миллий манфаатидадир”, - деган эди Сергей Иванов.

Ҳарбий эксперт, тарих фанлари номзоди полковник Олег Кулаковнинг “Рузависимая газета”га билдиришича, Россия марказий Осиёдаги таъсирини янада кучайтириб, бу минтақадаги сиёсатини янада қатъийлаштиради. “Чунки яқин келажакда асосий глобал воқеалар Марказий Осиё, Эрон, Афғонистон ва Яқин Шарқ минтақасида юз беради”, - деб ҳисоблайди ҳарбий эксперт Олег Кулаков. АҚШдаги айрим минтақашунослар ундан буёғига Қўшма Штатлар ва Россия Марказий Осиёда барқарорликни таъминлаш учун биргаликда ишлашларини башорат қилишмоқда. Айни пайтда ғарб кузатувчиларига кўра, Марказий Осиёни таъсир доирасида сақлаб қолиш учун икки давлат - АҚШ ва Россия ўртасидаги рақобат давом этади. Бу рақобат АҚШ ва Россияда янги президентлик сайловларидан кейин янада фаоллашиши мумкин.
XS
SM
MD
LG