Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:56

Беш йиллик саргардонлик


Жиззах шаҳри ҳокимлиги молия бўлими мудири Матлуба Каримова 1999 йил январь ойида вилоят ҳокимлиги қарори билан ишдан бўшатилган эди. Лекин бунинг сабаблари М.Каримованинг ўзига маълум қилинмаганди.

Шундан сўнг у Жиззах шаҳри судига мурожаат қилди. Суд унинг даъво аризасини қондириб, қайта ишга тиклаш тўғрисида ҳукм чиқаради. Бироқ суд қарори бажарилмайди. Аксинча, 1999 йил 12 августда М.Каримовага нисбатан жиноят иши қўзғатилади ва тергов бошланади. Қизиғи шундаки, М.Каримованинг айтишича, бу ҳақда унга хабар берилмайди.

М. Каримованинг сўзларига қараганда, ҳатто унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Бу вақтда эса у ўз иш жойида бўлган.

2000 йил 10 февралда М.Каримова ўз ишхонасида олти нафар орган ходими томонидан ҳибсга олинади ва қўлига кишан солинган ҳолда олиб кетилади. Орган ходимлари у бир ойдан буён қидирувда экани, 2000 йил 15 январда Жиззах шаҳри прокурорининг ўринбосари уни ҳибсга олиш тўғрисида санкция берганини маълум қилади. Шу тариқа М.Каримова қарийб тўрт ой давомида ҳибсда ушлаб турилади.

М.Каримованинг таъкидлашича, Бош прокуратура аралашиб, жиноят аломатлари йўқлиги сабабли ишни ҳаракатдан тўхтатган. Бироқ Жиззахдаги тегишли органлар суд қилинмасдан ҳам айбига иқрор бўлди, деган баҳона билан унга энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида жарима белгилаган.

Жиноят иши қўзғатилган ва уни ҳибсга олишга санкция берилган вақтда М.Каримова Жиззах шаҳар халқ депутатлари кенгаши аъзоси эди. “Ўзбекистон Республикаси депутатлари мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 31 ва 32-моддаларига кўра, тегишли кенгашнинг розилигисиз депутатни жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳибсга олиш таъқиқланади. Шаҳар прокуратураси эса бундай рухсатномага эга эмасди.

М.Каримованинг адвокати Ғиёс Намозовнинг билдиришича, Каримовани ҳибсга олиш ҳақидаги санкция ҳам, унинг ҳибсда тутиб турилиши ҳам мутлақо қонунга зид ҳолатдир. Бу жиноят ишининг юзага келиши ҳам қўпол қонунбузарликлар оқибатидир. Чунки прокуратура М.Каримованинг ҳаракатида жиноят таркиби йўқлиги ҳақида хулоса берганига қарамай, суд бу ишни ҳали ҳам чўзиб келмоқда.

“Озодлик” мухбири масалага ойдинлик киритиш мақсадида Жиззах вилояти прокуратурасига мурожаат қилди. Прокуратура ходимларидан бирининг айтишича, М.Каримованинг иши қонун доирасида олиб борилмоқда. Бироқ ҳукм эълон қилиниши билан М.Каримова қайтадан норозилик аризаси ёзмоқда. Қайта тергов ва суриштирув асосида чиқарилган ҳукм ҳам уни қониқтирмаётир. Шу сабабли иш чўзилмоқда.

“Бу аёл ўз ҳақ-ҳуқуқларини жуда яхши билади ва ҳеч ким унинг ҳуқуқларини бузаётгани йўқ”, деди прокуратура ходими.

Адвокат Ғ.Намозов эса ишнинг бу қадар чўзилаётгани ортида бошқа сабаблар борлигини билдирди. Унинг сўзларига қараганда, бу ишни кўриб чиқиш жараёни жуда узоқ давом этган ва катта харажатлар қилинган. Агар М.Каримова тўлиқ оқланса, албатта, жиноят ишининг муаллифлари ҳам, судьялар ҳам қонун олдида жавоб беришига тўғри келади.

М.Каримова ўзи дуч келаётган муаммолар юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига, маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотларига ҳам мурожаат этган.

Инсон ҳуқуқлари мустақил ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, молия соҳасида 23 йил давомида ишлаган бу аёлнинг сўнгги беш йил давомида ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб, мақсадига эриша олмаётгани каби ҳолатлар мамлакатда тез-тез учрайди. Суд-ҳуқуқ тизими фаолиятида жиддий назорат ўрнатилмас экан, бу каби қонунбузарликлар янада авж олиб бораверади, деди у.
XS
SM
MD
LG