Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:32

Фермерга ёқилғи етишмайди


Фирдавс Маълумотларга қараганда, Қашқадарёда 2000 йилдан бошлаб фермер хўжаликларини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратила бошланган. Шу кунга қадар вилоятда 58 та ширкат тугатилиб, ўрнига фермер хўжаликлари ташкил этилган.

Айни пайтда ҳам 61 та ширкат хўжалиги ерларида фермер хўжаликлари ташкил этилмоқда. Ҳозирга келиб вилоятда фермер хўжаликлари сони 10 мингдан ошган.

Хабарларга кўра, қашқадарёлик фермерлар олдида жуда кўп муаммолар, жумладан, ёқилғи муаммоси кўндаланг турибди. Нишонлик фермер Абдурасул Аллаёровнинг айтишича, у ўтган йили 500 килограмм солярка олган. Яна 1 тонна ёқилғига ҳужжат тўғрилаган бўлса-да, унга кейинчалик яна 500 килограмм солярка ажратилган. Қолган ярим тонна ёқилғи эса берилмаган.

Сўнгги вақтларда Қашқадарёда ёқилғи танқислиги тез-тез кузатилмоқда. Маъмурлар буни вилоятга ажратилган ёқилғи лимити чеклангани билан изоҳлайди.

Деҳқон-фермер хўжаликлари уюшмасининг Қашқадарёдаги вакиллиги директори ўринбосари Дилшод Эшпўлатовнинг айтишича, ҳақиқатан ҳам фермерларга ёқилғи етказиб беришда муаммо мавжуд. Бироқ ҳисобида пули бор фермерларга ёқилғи муаммоси кўп ҳам хавф солаётгани йўқ.

Маълум бўлишича, ўтган йилларда Қашқадарёда нефть маҳсулотлари таъминоти тизимида жиддий ўзгаришлар юз берган. Вилоятнинг турли туманларидаги бешта нефть базаси тугатилиб, ягона базага айлантирилган. Фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш учун 56 та ёқилғи тарқатиш шахобчаси ташкил этилган.

Фермер А.Аллаёров бу янгиликнинг афзалликлари ҳозирча кўринмаётгани, аксинча янги муаммолар пайдо бўлаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, янги ташкил этилган шахобчалар фермерларга ёқилғини узлуксиз етказиб беришни эплай олмаётир. Бундан ташқари, ёқилғи олишга ҳужжатлар тўғрилаш учун барибир марказий базага мурожаат қилиш керак. Бир-икки тонна ёқилғига ҳужжат тўғрилаш учун бир неча кун навбат кутиш лозим.

Фермерларнинг ўғит, банк, техника билан боғлиқ муаммолари ҳам талайгина. Улар ҳам ечимини кутмоқда.
XS
SM
MD
LG