Линклар

Ким кимни калтаклади?


Хабарларга қараганда, 22 январь куни “Бирлик халқ ҳаракати” партиясининг Наманган вилоят бўлими раиси Муҳаммадали Қорабоев Поп туманидаги Халқобод шаҳарчасида ҳокимият вакиллари томонидан калтакланган.

М.Қорабоевнинг айтишича, у шу куни партиянинг Поп тумани бўлими раҳбари Ҳайитғофир Қўзиев хонадонида бўлиб, бўлим фаолиятига доир масалалар хусусида гаплашган. Хонадондан чиқиб кетаётганида шаҳарча фуқаролар йиғини раиси Йўлчи Дадажонов унинг йўлини тўсиб, бу ерга бошқа келмаслик ҳақида ваъда беришни талаб қилади. М.Қорабоев рад жавобини бергач, шериклари билан мухолиф партия вакилини ўраб олади.

“Улар шаҳарчадаги кичик-кичик маҳаллалар оқсоқоллари, битта посбон, битта маҳалла тарбиячиси – жами 7 киши эди”, деди М.Қорабоев.

М.Қорабоевнинг сўзларига қараганда, Й.Дадажоновнинг буйруғи билан унинг қўлини қайириб, уриб, фуқаролар йиғини биносининг 2-қаватига олиб чиқииб, ўзларича сўроқ қилган. Шу орада ички ишлар бўлимига ҳам қўнғироқ қилишган. М.Қорабоев уч соатдан кейин етиб келган милиция ходимига шикоят аризаси ёзиб берган ва зўравонларни қонуний жавобгарликка тортишни талаб қилган.

“Озодлик” мухбири Халқобод шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси Й.Дадажонов билан туман марказий шифохонасида учрашди. У қўллари гипс қилинган, боши боғлиқ ҳолда ётар эди. Й.Дадажонов М.Қорабоевни урмаганини, аксинча у ўзини калтаклаганини билдирди.

“Қорабоевга ўзим фуқаролар йиғини раиси эканимни, унинг кимлигини сўрадим. У эса Президентни ҳақорат қилишга тушиб кетди. Шунда ким бўлишидан қатьий назар менинг олдимга келиб учрашиши лозимлигини айтдим. У эса мени тош билан ура кетди. Атрофдагилар аралашмади. Биз унга қонуний чора кўришни ният қилган эдик. Балки жосусдир, балки бошқадир. Мен бу одамнинг Муҳаммаджон Қорабоевлигини билганим йўқ. Чунки паспортини ҳам кўрсатмади”, деди Й.Дадажонов.

Й.Дадажоновни даволаётган шифокор - туман шифохонаси бўлим мудири Абдували Қамбаров айни пайтда Й.Дадажоновнинг аҳволи "ўртача оғир" эканини таъкидлади. У “жабрланувчи”нинг чап тирсак бўғинида қон тўпланганини маълум қилди.

Наманганлик инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мухолифат вакиллари бу ҳолат маҳаллий ҳокимият томонидан уюштирилганини айтмоқдалар.

“Бирлик”нинг Поп бўлими раиси Ҳайитғофир Қўзиевнинг эътирофича, аввалроқ туман раҳбарлари унга М.Қорабоевнинг туманга келишига қарши ҳаракатларни тайёрлаб қўйганини оғзаки айтган. Унинг туманга келгани эса маҳаллий маъмурларни ғазабга келтирган.

М.Қорабоев Й.Дадажоновга нисбатан қонуний чора кўрилишини талаб қилиб, туман судига ариза берди. Ўз навбатида, фуқаролар йиғини раиси ҳам мухолиф партия вакили устидан судга мурожаат қилиш ниятида. Наманганлик мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари яқин кунларда қўшма баёнот тарқатиб, халқаро жамоатчилик эътиборини мазкур ҳолатга қаратишни режалаштирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG