Линклар

logo-print

Сағирларнинг бошини ким силайди?


Нурбек Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг Ҳосилот қишлоғида яшовчи Севара Комилова тўрт етим боласини боқа олмаганидан, иккитасини давлат қарамоғига топширишга мажбур бўлди.

Унинг икки нафар ўғли эса оёқ кийими, иссиқ кийим-боши бўлмагани сабабли қарийб уч ойдирки, мактабга қатнай олмаётир.

“Агар мени тинглаётган раҳбарлар бўлса, менга ва фарзандларимга ёрдам беришларини ўтиниб сўрайман. Сағирнинг бошини силаган кам бўлмайди”, дейди С.Комилова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Ҳосилот қишлоғидаги 3-ўрта мактабнинг рўпарасида жойлашган пасттаккина, томи шифер билан ёпилмаган бир хонали кулбада С.Комилова тўрт фарзанди билан яшайди. Бу уйнинг дераза ойналари ўрнига плёнка қопланган. Муттасил чакка ўтавериб, деворларни моғор босган.

С.Комилованинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи Маҳмуд Комилов 2001 йилда ўпка сили касаллигидан оламдан ўтган. Шундан сўнг тўрт боласини боқиш янада оғирлашган. Оқибатда икки боласини давлат қарамоғига топширишга мажбур бўлган.

С.Комилова ёрдам сўраб туман ва вилоят ҳокимларига, Президент девонига ёзма мурожаат этгани, лекин бундан натижа бўлмаганини маълум қилди. Унинг айтишича, шу вақтгача буғдой ва арпа унини аралаштириб, нон ёпган. Энди шу ҳам йўқ. Озиқ-овқат маҳсулотлари тугаган.

Суҳбатдош Ойгул Қозоқованинг сўзларига қараганда, қишлоқдаги Жовул Қосим маҳалласи оқсоқоли Саид Омонов бу оилага ҳеч қандай моддий ёрдам бермайди.

“Моддий ёрдам олиш учун оқсоқолга пора бериш керак. “Қўлингдан келганини қил. Шу ерда яшар эканман, ҳоким ҳам мен томонда”, дейди. "Бундай одам маҳалла оқсоқоллигига нолойиқ”, деди О.Қозоқова.

О.Қозоқованинг айтишича, маҳаллий раҳбарлар бирор марта бу оилага келиб, ҳолидан хабар олмаган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатлашган маҳалла оқсоқоли Саид Омонов С.Комилованинг оиласига ёрдам кўрсатишнинг иложи йўқлигини айтди. Чунки, оқсоқолнинг таъкидлашича, оиланинг умумий ойлик даромади 22 минг сўмни ташкил этади.
“Бизга Молия ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигидан қўлланма берилган. Бу қўлланмага кўра, С.Комиловани кам таъминланган оилалар тоифасига киритиб бўлмайди. Жуда аҳволи оғир бўлганида, оиладаги бирортаси касал бўлганида энг кам иш ҳақининг (айни пайтда 5435 сўм) 1,5 баробаригача миқдорида ёрдам кўрсатишимиз мумкин”, деди оқсоқол.

Пастдарғом тумани ҳокими ўринбосари Нозим Алиевнинг айтишича, моддий ёрдам беришнинг ўзига хос қонун-қоидалари бор. Аммо туманда рўйхатда турадиган 50 мингдан ортиқ ночор фуқаронинг барчасига моддий ёрдам кўрсатишнинг иложи йўқ.
XS
SM
MD
LG