Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:26

Энди Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиш керак


Шайбон “Ассошэйтед пресс” ахборот агентлиги 22 январь куни тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистонда фаолият олиб борувчи барча хорижий ташкилотлар Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтказилади.

Қайта рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги билдирги Очиқ жамият институти, АҚШнинг Миллий демократия институти, Халқаро республика институти, “Freedom house” ва “Ҳьюман райтс уотч” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотларига ҳам етказилган. Бу муассасалар аввал Ташқи ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтказилган эди.

Ўзбекистонда Сорос жамғармаси сифатида танилган Очиқ жамият институти ижрочи директори ўринбосари Искандар Исмоиловнинг айтишича, ташкилот март ойигача Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтиши керак.

Норасмий манбалар тарқатаётган маълумотларга кўра, рўйхатдан ўтиши керак бўлган ташкилотлар қаторига Очиқ жамият институтининг киритилиши бежиз эмас. Уларда айтилишича, маҳаллий маъмурларда мазкур институт мухолифат аъзоларига кўмак бериш орқали Ўзбекистонда ҳам Грузиядаги каби инқилобни юзага келтиришга уринмоқда, деган хавотир мавжуд. Бундай хавотирнинг пайдо бўлишига эса инқилобдан сўнг Грузиянинг собиқ Президенти Эдуард Шеварднадзе ўзининг ҳокимият тепасидан кетишига Сорос жамғармасининг иштироки борлигини айтгани сабаб бўлган.

Аммо, И.Исмоиловнинг айтишича, бу қуруқ гап бўлиб, Сорос жамғармасининг Грузиядаги воқеаларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

“Ассошэйтед пресс” хабарида келтирилишича, 1994 йилда АҚШ билан Ўзбекистон ўртасида имзоланган келишувга кўра, АҚШ ҳукумати ҳомийлигидаги барча ташкилотлар Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида рўйхатга олинмоғи даркор.

И.Исмоилов бу келишув Очиқ жамият институтига дахлдор эмаслигини билдирди. Чунки бу ташкилот Лихтенштейнда рўйхатдан ўтган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакилларининг айтишича, қайта рўйхатдан ўтиш талаб этилаётган АҚШ ҳомийлигидаги Миллий демократик институт, “Freedom house”, “Ҳьюман райтс уотч” каби ташкилотларнинг ҳам бу келишувга дахлдор жиҳати йўқ. Зеро, ҳужжатда халқаро нодавлат ташкилотлар ҳамда Америка ҳомийлигида фаолият юритаётган муассасалар тилга олинмаган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташқи ишлар ва Адлия вазирликларининг ўзаро келишуви асосида амалга оширилаётган бундай ҳаракатларига кескин баҳо бермоқда. Хусусан, “Демократик ташаббус” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раиси Искандар Худойберганов мазкур янгилик ўзида хавотир уйғотаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, бу мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятнинг кескинлашувига, кенг миқёсдаги қатағонларга йўл очиб беради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раиси Толиб Ёқубов демократияни шакллантирувчи ташкилотлар йўлига навбатдаги тўсиқ қўйилаётганини билдирди.

Америка юристлари уюшмаси вакили эса Ўзбекистон ҳукуматининг бу ҳаракатида ғайриқонуний жиҳат йўқлигини маълум қилди. Унинг айтишича, бу ҳар бир мамлакатнинг ички иши.
XS
SM
MD
LG