Линклар

logo-print

Баҳодир Мусаев: “Ишончсизлик шайтонга ошно қилади”


Шайбон Яқинда Интернетда таниқли жамиятшунос Баҳодир Мусаевнинг “Мустақил Ўзбекистон: ислоҳотлар ёки исёнлар” номли китоби қисмларга бўлинган ҳолда эълон қилинди.

Мазкур асарда муаллиф Ўзбекистонда сўнгги ўн икки йил давомида кечган жараёнларга баҳо берган ва ўз хулосаларини баён қилган.

“Озодлик” мухбири асарда келтирилган айрим мулоҳазалар юзасидан Б.Мусаев билан мулоқотда бўлди.

Мухбир: Мазкур асарни ёзишдан мақсад нима эди?

Б.Мусаев: Китобга қўл уриш вақтида, камтарлик қилмасдан айта қолай, Ўзбекистоннинг яқин ўтмиши билан қизиққан одамлар орасида резонанс уйғотишни ният қилгандим. Менимча, ҳозир Ўзбекистонда ҳокимият органларини зудликда либераллаштириш эҳтиёжи сезилмоқда. Бунинг учун, юмшоқ қилиб айтганда, мустақиллик мафкурасини жиддий таҳрир қилиш лозим.

Мухбир: Баҳодир ака, китобда Ўзбекистонда демократик жараёнларнинг оқсашида, мамлакат тўла-тўкис либераллашмаётганида ҳукумат мулозимларининг ўрни беқиёс эканини таъкидлагансиз. Бундай хулоса нимага асосланган?

Б.Мусаев: Ҳозирги ҳокимият асоси номенклатура ва кланлар негизида қурилган. Кланлар раҳбарлари демократлаштириш жараёнига тўсқинлик қилади. Чунки бу жараёнлар уларнинг умумманфаатларига зиддир.

Мухбир: Китобингизда жамиятда мавжуд тузумга нисбатан ишончсизлик ҳукмрон ва бу ўта хатарли ҳолат, деган хавотирга кенг урғу берилган. Ўта хатарли ҳолат, деганда айнан нимани назарда тутяпсиз?

Б.Мусаев: Аслида ҳам кишиларда ишончсизлик кайфиятининг пайдо бўлиши жуда хатарли ҳолатдир. Бундай ҳолатда улар ҳукуматга нисбатан пайдо бўлган норозиликни изҳор этиш учун ҳатто шайтонга ҳам эргашишга тайёр. Бугун ана шундай экстремал ҳолат вужудга келса, вазият издан чиқиб кетмаслигига ким кафолат бера олади? Бундай башоратчининг ўзи йўқ.

Мухбир: Китобда соғлом, конструктив мухолифат ҳақида ҳам фикрлар айтгансиз. Яъни, ўзбек жамияти ана шундай мухолифатга кучли эҳтиёж сезмоқда, дегансиз. Сиз назарда тутган мухолифат фаолияти учун мамлакатда етарлича имконият бор, деб ўйлайсизми?

Б.Мусаев: Йўқ. Аслида ҳар қандай мамлакатда мухолифат бўлиши лозим. Бизда эса ҳамон ҳар қандай мухолифатга нисбатан аҳмоқона куч ишлатиш анъанаси сақланиб қолмоқда. Бизнинг ҳукумат доимо ўзига душман қидириб юради. Турган битгани шубҳа ва гумонлардан иборат. Бу, албатта, янглиш сиёсат.

Мухбир: Китобингизда таниқли француз файласуфи Монтеннинг бир иборасини ишлатгансиз…

Б.Мусаев: Ҳа, мен атайлаб “Монтен огоҳлантириб айтадики”, деганман. “Монтеннинг тажрибалари бизларга шундай сабоқ беради” эмас, аксинча, “огоҳлантиради”, деганман. Монтен: “Агар сўз ёлғон бўлса, у инсонларнинг ўзаро муносабатларига путур етказади. У, яъни ёлғон, давлат бошқарувининг барча асосларини емиради”, дейди. Урғу унинг мана шу сўзларига қаратилган эди. Шунинг учун ҳам мен “Монтен огоҳлантиради”, деганман.

P.S. Мулоқот якунида Б.Мусаевдан Монтеннинг огоҳлантириши кимга қаратилганни сўраганимизда у “ҳокимият эгаларигада, албатта”, дея жавоб қайтарди.
XS
SM
MD
LG