Линклар

Крейг Мюррей Ўзбекистонга қайтди


Шайбон Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Крейг Мюррей 25 январдан бошлаб ўзининг элчилик фаолиятини қайтадан бошлади.

Мазкур маълумотни элчихона матбуот котиби Леонид Кудрявцев ҳам тасдиқлади.

К.Мюррейнинг элчилик фаолиятини кутилмаганда тўхтатганини дипломатик ваколатхона ходимлари унинг соғлиғи билан боғлаганди. Аммо Буюк Британияда чоп этиладиган “Гардиан” газетаси мухбирлари Дэвид Лей ва Роб Эванс бу борада ўзгача мулоҳазаларни илгари сурган. Уларнинг эътирофича, Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги К.Мюррейни Ўзбекистондаги фаолияти давомида "бир неча интизомий хатоларга йўл қўйганликда" айблаган. Хусусан, элчи ичкиликбозликда, хизмат машинасидан шахсий манфаатларда фойдаланганликда гумон қилинган. Аслида эса, дейди мухбирлар, К.Мюррейнинг Лондонга чақириб олинишига унинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият хусусида кескин танқидий руҳда ошкора сўзлагани сабаб бўлган. Шу боис, мухбирларнинг таъкидлашича, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Билл Раммель элчини Мавлуд байрамигача ўз вазифасидан озод қилишни мўлжаллаганди.

“Гардиан”да ёзилишича, АҚШнинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятга нисбатан тутган позициясини танқид қилгани К.Мюррейнинг элчиликдан вақтинчалик чақириб олинишига сабаб бўлган. Жумладан, у АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси билан суҳбат чоғида гўёки: “Бизнинг ислом экстремизмига қарши ҳаракатларимиз инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятнинг эътиборсиз қолишига олиб келмаслиги лозим. Ёш йигитларнинг диний эътиқоди учун қамоққа олинаётганига бепарво қараб бўлмайди”, деган.

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари “Гардиан”да келтирилган маълумотларни инкор этди. Уларнинг айтишича, бу элчи шахси атрофида пайдо бўлаётган миш-мишлардан биридир.

Шу кунгача ўз шахси билан боғлиқ гап-сўзларга К.Мюррей ҳеч қандай муносабат билдирмай келаётган эди. Маҳаллий журналистларнинг у билан учрашув ташкил қилиш ҳақидаги таклифлари ҳам рад этилаётганди. Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Карл Гарн ҳозир К.Мюррей журналистлар билан учрашиш истаги борлигини маълум қилди. Шу мақсадда Британия ташқи сиёсат маҳкамасининг жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси билан мулоқот олиб борилмоқда, деди у.
XS
SM
MD
LG