Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:31

Дариқа Назарбоева Қозоғистон парламентини забт этмоқчи


Абдуллоҳ Эргаш 27 январ куни Қозоғистон президентининг қизи, “Асар” партияси раисаси Дариға Назарбоева шу йил кузида ўтадиган парламент сайловида унинг партияси кўпроқ депутатлик ўринларини қўлга киритиши мақсадида янги фракция ташкил этганини маълум қилди.

27 январ куни Қозоғистондаги “Асар” партияси раисаси Дариға Назарбоева кузда бўладиган Парламент сайловида партияси депутатлик ўринларининг 50 фоизини қўлга киритишни режалаштирганлигини билдирди. Ана шу мақсадда Қозоғистон Парламентида “Асар” партиясининг 10 депутатдан иборат фракцияси ташкил этилди. Шунингдек, Дариға Назарбоева Парламент сайловлари олдидан Қозоғистоннинг амалдаги ҳукуматига тарафдор бўлган барча партияларни бир сайлов блокига бирлаштириш режасини эълон қилди.

“Ҳозир Қозоғистонда 9 та сиёсий партия мавжуд. Уларнинг жамиятдаги мавқеи кундан-кунга ўсмоқда. Бироқ, бизда ҳам Ғарб сиёсий тизими каби мукаммал тизим шаклланмоғи керак. Бунинг учун эса сиёсий партиялар маълум мақсад йўлида бирлашмоқлари зарур”, - деди Дариға Назарбоева.

Шу баёнот Қозоғистонда катта шов-шувга сабаб бўлди ва бу борада турлича фикрлар айтилмоқда. Қозоғистондаги “Акжол”, яъни “Оқ йўл”партияси ҳамраиси Олтинбек Серсенбай ҳукуматга тарафдор партияларнинг бирлашуви келажакда самара беради ва уларнинг сиёсий фаоллигини оширади, деб ҳисоблайди.

“Аъзолари сони кундан-кунга ортиб бораётган Президентни қўлловчи партиялар бирикса яхши бўлади. Биринчидан, сиёсий-ижтимоий масалаларни ҳал қилишда бу партия йирик сиёсий куч сифатида майдонга чиқади. Иккинчидан эса, сайловларда боши қотган халққа осон бўлади,” - дейди Алтинбек Серсенбай.

Дариға Назарбоева 27 январ куни ўзининг номзодини Парламент депутатлигига кўрсатмаслигини билдирган бўлса-да, қатор кузатувчилар “Асар” Парламент фракциясининг ташкил этилиши Қозоғистон Президенти оиласи манфаатларидан келиб чиққан, деган фикирда. Хусусан, сиёсатшунос Сеитахмет Қуттуғодамга кўра, ҳукуматни қўлловчи партияларнинг бирлашуви Қозоғистонда демократик тамойилларнинг янада кўпроқ бузилишига олиб келади. Таҳлилчининг айтишича, бу бирлашув муҳолифатни парламентдан бира-тўла сиқиб чиқариш мақсадини кўзламоқда.

“Қайси партиянинг мавқеи қандай эканлиги сайловдан кейин билинади. Қайси партиядан кўпроқ депутат сайланса, демак ўша партия нуфузи катта. Парламентга қайси партиядан қанча одамнинг ўтиши эса фақат президентга боғлиқ. Ҳукумат партияларининг бирлашуви Парламентдан мухолифатнинг сиқиб чиқарилишига сабаб бўлади. Чунки бизда сайлов натижаларини, яъни Парламентга ким сайланиб, ким сайланмаслиги кераклигини президентнинг ўзи ҳал қилади”, - дейди Сеидахмет Қуттуғодам.

Дариға Назарбоева “Асар” партиясининг парламент фракцияси ташкил этилгани ва бўлажак сайлов олдидан барча ҳукумат партиялари бирлашиши ҳақида эълон қилган куннинг эртасига, Қозоғистон Парламенти сайловларга оид янги қонунни қабул қилди. Янги қонундаги қамоқ жазоси ўтаган шахслар ўз номзодини депутатликка кўрсата олмаслиги тўғрисидаги модда қаттиқ тортишувларга сабаб бўлди. Қозоғистон мухолифати вакилларига кўра, бу модда ҳозир қамоқда сақланаётган Ғалимжан Жакиянов ва президент авфи билан озодликка чиқарилган Мухтор Аблязов каби таниқли муҳолифатчиларнинг Парламент сайловида қатнаштиришларига йўл қўймаслик мақсадида Сайлов Қонунига махсус киритилган. Қозоғистон Парламенти депутати, “Қозоғистон демократик танлови” партияси фаолларидан бири Тўлўн Тўқтўсинов бу ҳақда гапириб, шундай деди:

“Бу Ғалимжан Жакиянов ва Мухтор Аблязовлар учун махсус ўйлаб чиқарилган модда. Ҳокимият иложи борича уларни сайловга қатнаштирмаслик йўлларини изламоқда ва бу ҳаракатларида барча имкониятлардан фойдаланмоқда”, - деди депутат Тўлўн Тўқтўсинов.

Кузатувчиларга кўра, шу йил кузида ўтадиган парламент сайловларида Дариға Назарбоева бошчилигидаги “Асар” партияси асосий ўринларни эгалласа, муҳолифат вакилларига жой қолмайслиги мумкин. Бу эса Парламентнинг Қозоғистон ҳукумати қўлидаги уйинчоққа айланишига олиб келади, дейишмоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG