Линклар

logo-print

Пикетчилар нишонида – Миллий хавфсизлик хизмати

  • Садриддин Ашур

28 январь куни Миллий хавфсизлик хизмати биноси мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи марта пикет қилинди. Бу норозилик чиқишида 14 киши иштирок этди.

Пикетчилар мамлакат адлия тизими идораларида содир этилаётган қонунбузарликлардан ўз норозилигини билдирди. Шунингдек, улар МХХ раиси Рустам Иноятовнинг истеъфога чиқишини талаб қилди.

“Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳокимият тепасига келгандан буён мамлакатда авторитар тузум ўрнатилди. Бундай бўлишига Миллий хавфсизлик хизматининг ҳиссаси ниҳоятда катта”, деди акция қатнашчиси инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматов.

Пикетчилар орасида МХХ Қашқадарё вилояти бошқармасининг собиқ ходими Одина Қаршиев ҳам бор эди.

У мазкур тизимда 1996 йилгача ишлаган. Ўзининг айтишича, МХХда ишлаган вақтида вилоят бошқармаси бошлиқлари доим унга тандир кабоб олиб келишни буюрган. Лекин бунинг учун ҳеч ким пул бермаган. У бошлиқлари сабаб тандир кабоб сотувчилардан қарздор бўлиб қолган.

О.Қаршиев айнан шу воқеалар сабаб ишдан бўшаганини, ёзган аризалари жавобсиз қолаётганини таъкидлади.

“Ҳозир оила боқиш учун ҳеч қандай имкониятим йўқ. Ишга тикланиш мақсадида Р.Иноятов қабулига киришни хоҳлайман”, деди у.

Чироқчи туманидан келган фуқаро Шоймардон Жонқобилов туман суди судьяси Даврон Ашуровнинг ноқонуний ишларидан, Бўстонлиқ туманилик Раҳима Юсупова эса биржадан сотиб олган савдо дўконини ололмаётгани ва судларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб пикетга чиққанини билдирди.

Пикетчилар бино олдига тўпланаётган вақтда МХХ ходимларидан бири уларнинг олдига келиб, бу ерда йиғилиш фойдасизлиги, шикоятларини эса ариза шаклида ёзиб топширишлари лозимлигини сўради. Лекин пикетчилар бунга рози бўлмади. Фақат қашқадарёлик Нурали Кўлобов ўша ходим билан бинога кирди.

Н.Кўлобов қўлида Чироқчи тумани прокуратураси ва ички ишлар бўлими ходимларининг жиноий ишлари ҳақида етарли далиллар борлигини таъкидлади. Унинг айтишича, у бу ҳақда илгари МХХга ариза берган. Бироқ МХХдан борган аризани туман ИИБси туман прокуратураси билан келишган ҳолда 4 ой давомида ўзида сақлаб турган. Булар ҳақида Н.Кўлобов МХХга ва Президентга 16 марта хабар берган. Лекин барча мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган.

МХХ ходимлари пикетга ҳеч қандай расмий муносабат билдирмади. Бир ярим соат давом этган норозилик акцияси тинч-осойишта тугади.
XS
SM
MD
LG