Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:02

ҚИРҒИЗИСТОН САЙЛОВ КОДЕКСИНИ ЎЗГАРТИРДИ


Қирғизистон Республикаси Марказий Сайлов Комиссияси 27 январ куни мамлакат Сайлов Кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар қабул қилинганлигини эълон қилди. Қонунга киритилган ўзгартишларнинг баъзилари потенциал номзодлар ва партияларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, янги таҳрирдаги Кодекс ҳорижий оммавий ахборот воситаларининг сайловолди кампаниясидаги иштирокини ҳам чеклаб қўяди.

Қирғизистон Республикаси Сайлов Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар яқиндагина киритилди. Янги таҳрирдаги Сайлов Кодекси бир йилдан сўнг бўлиб ўтадиган парламент сайловлари натижаларига таъсир қилиши аниқ.

Янгиланган кодекс тарафдорлари фикрича, у бундан буён сайловларнинг Қирғизистонда эркинроқ, демократикроқ ўтишига хизмат қилади. Бироқ, айни пайтда мухолифатчи партиялар вакиллари "янги қонун эскисидан ёмон", деган фикрни билдирмоқдалар. Хўш, нима ўзгарди?

Марказий Сайлов Комиссияси раиси Сулаймон Имонбоев 27 январ куни Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида қилган баёнотида "Сайлов Кодексига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар туфайли, у халқаро андозаларга мос келадиган қонунга айланди", деди.

Имонбоевга кўра, сайлов тўғрисидаги қонунга 206 та ўзгартиш киритилган. Марказий Сайлов Комиссияси раисининг айтишича, асосий ўзгартишлар сайлов комиссияларини шакллантириш масаласига доирдир. Янги қонунга кўра, комиссиялар аъзоларининг учдан бир қисми сиёсий партиялар вакиллари, учдан бири давлат структуралари вакиллари ва яна бир қисми жамоатчилик вакилларидан иборат бўлади.

Имонбоевга кўра, янги қонунга биноан, сайловчилар рўйхатларини тузиш устидан назорат кучайтирилади, овоз бериш жараёнида эса, шу пайтгача кузатиб келинган муаммо - бутун оила аъзолари учун бир кишининг овоз бериши қатъиян таъқиқланади.

Янги қонуннинг мухолифатдаги партияларни қониқтирмаган жиҳатларидан бири - уларнинг сиёсий блокларга бирлашишлари ман этилганидир.

Гап шундаки, сўнгги парламент сайловлари арафасида расмий рўйхатдан ўтказилмаган партиялар қайддан ўтган партиялар билан сиёсий блокларга бирлашган ва натижада сайловга қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган эдилар. Масалан, мамлакатнинг собиқ Вице-Президенти, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган Феликс Қулов рўйхатдан ўтказилмаган "Ор-номус" партиясининг лидеридир. Унинг партияси сўнгги сайловлар арафасида бошқа партиялар билан сиёсий блокка бирлашган ва сайловга қатнашган эди.

Демак, янги қонун мухолифатнинг баъзи лидерларини сайловга қатнашиш имконидан маҳрум қилади. Бироқ, депутат Ишенбай Қадирбековнинг айтишича, мухолифатнинг парламентдаги аъзолари қонун лойиҳаси муҳокамасида иштирок этган бўлсаларда, вақтида ўз эътирозларини билдирмаганлар.

- Ўзгартишлар киритилган янги кодексдан мухолифатнинг ҳам, президент томонининг ҳам кўнгли тўлди, десам бўлаверади, чунки палата муҳокамасига иккала томон биргаликда ишлаб чиққан лойиҳа тақдим этилди, - дейди депутат Қадирбеков.

Бироқ, сиёсий мухолифатнинг Жогорку Кенешдаги вакилларидан бири, депутат Азимбек Бекназаров янги қонунда "50 фоизу 1 овоз" деган критерийнинг бекор қилинганига рози эмаслигини билдирди.

- Бундан буён овоз беришга 10 киши қатнашса ҳам, сайлов ўтди, деб ҳисобланаверади. Шу иш тўғри бўлмади. Сайловга 10 киши қатнашсаю улардан 6 нафарининг овозини олиб, депутат бўливолган одамни халқ вакили, деб атаб бўлмайди, - дейди депутат Бекназаров.

Сайлов Кодексига киритилган сезиларли ўзгартишлардан яна бири хорижий ахборот воситаларининг сайловолди кампаниясига иштироки чеклаб қўйилишидир. Янги қонунда "хорижий оммавий ахборот воситалари ташвиқот ишларига қатнаша олмайди", деб ёзиб қўйилган. Бироқ, Марказий Сайлов комиссияси раиси Сулаймон Имонбоевнинг 27 январ куни ўтказилган матбуот анжуманида айтишича, хорижий ахборот воситалари у ёки бу номзод тўғрисида маълумот тарқатишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG