Линклар

Франция - Хитой: ҳамкорлик уфқлари

  • Ҳурмат Бобожон

Бу йил Францияда Хитой йили, деб эълон қилинди. Хитой Президенти Ху Цзинтаонинг Францияга давлат ташрифи ҳам ана шу тадбир доирасида амалга ошди. Ташриф чоғида Пекин раҳбарига Франция ҳукумати тарафидан илтифотлар кўрсатилди, ҳатто унга Франция Парламентида маъруза қилиш имкони ҳам берилди. Ҳали шу пайтгача коммунистик давлат раҳбарларидан ҳеч бири бундай шарафга муяссар бўлмаган эди.

Аммо, Хитой раҳбарига кўрсатилган илтифотлар, қолаверса Франция раҳбари Жак Ширакнинг "ягона Хитой" сиёсатини қўллаб-қувватловчи баёнотлари ҳам Франция ўзида, ҳам унинг ташқарисида жиддий эътирозларга сабаб бўлди.

Франциядаги ҳам сўл, ҳам ўнг қанот кучлар Ху Цзинтао чиқишини танқид қилиб, Франция Парламенти демократия душманлари маъруза қиладиган жой эмаслигини таъкидлашди.

Франция раҳбарининг Пекин ҳукумати сиёсатини ёқловчи баёнотлари Ширак АҚШнинг халқаро сиёсатда устунлик қилиш ҳаракатларига муқобил бўла оладиган "иттифоқ" тузишга уринаётгани борасидаги таҳминларни яратди.

Аммо, Париждаги Стратегик Тадқиқотлар Институти Таҳлилчиси Жан-Филип Божэ Франция Президенти чиқишлари замирида "кўп қутбли" дунё ғояси ётишини айтади.

"Мазкур баёнотлар негизида АҚШга қарши халқаро коалицияни тузиш иддаоси ётибди, дейиш қанчалик асосли, бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Аммо, АҚШнинг бир ёқлама сиёсатига муқобил бўлган, кўп қутбли дунё ғояси турибди, десак тўғрироқ бўлади", - дейди Жан-Филип Божэ.

Сешанба куни Жак Ширак ўз чиқишида Хитойнинг худудий яхлитлигига хавф солувчи ҳар қандай ҳаракатга Париж ҳукумати қарши эканини таъкидлади. У шунингдек Хитойга нисбатан 14 йил аввал Европа Иттифоқи жорий этган қурол сотиш эмбаргоси бекор қилиниши керак, деган ташаббусни ҳам олға сурди.

Эслатиб ўтамиз, 1989 йилда Пекиндаги Тианмень майдонида хитойлик ёшлар демократик ислоҳотларни талаб этиб, норозилик намойиши ўтказишган, бироқ, Пекин ҳукумати уларни куч ишлатиш орқали тарқатиб юборган эди. Бунга жавобан Европа Иттифоқи Хитойга қурол сотишни таъқиқловчи санкцияни жорий этган эди.

Франциялик таҳлилчи Жан-Филип Божэ Президент Ширак Хитойга нисбатан қурол эмбаргосини бекор қилиш йўли билан Франциянинг жаҳон бозоридаги иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга, яъни янги бозорлар очишга уринаётганини айтади.

"Албатта, Франция улкан ҳарбий саноатга эга ва у янги бозорлар очишни истамоқда. Шу боис Франция ҳукумати Европа Иттифоқи давлатларига 1989 йилда Хитойга қарши жорий этилган қурол сотиш эмбаргосини бекор қилиш борасида босим қилмоқда".

Жан-Филип Божэнинг айтишича, бу борада, яъни Хитойга нисбатан қўлланаётган санкцияни бекор қилиш масаласида Европа давлатлари қарашларида тафовут ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Ҳозирча фақат Германия бунга ижобий жавоб берган. Британия, Нидерландия ва Дания қурол савдоси эмбаргоси бекор қилинишига ҳали ҳам қарши. Шу боис франциялик таҳлилчи Боже Ширакнинг Хитой ҳисобидан янги бозор очиш уринишлари бесамар бўлишини айтади.
XS
SM
MD
LG