Линклар

Милиция капитани суд қилинди


Марғилон шаҳри судида милиция капитани Баҳром Мадаминов устидан суд жараёни якунланди. Хабарларга қараганда, у бир аёлни уриб, тан жароҳати етказганликда айбланган.

Аммо у участка инспектори бўлиб ишлаган Зуҳра маҳалласи аҳли милиция капитани гиёҳвандлар ва наркотикфурушларга қарши курашгани учун жазоланганини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда маҳалла шу тоифа одамлар ўчоғига айланиб қолган, аввалги участка инспектори уларни ҳимоя қилиш билан шуғулланган. Шунинг учун маҳалла аҳли янги инспектор тайинлашни сўраб ички ишлар бўлимига мурожаат қилган. Шундан сўнг бу лавозимга Баҳром Мадаминов тайинлаган. У фаоллар билан биргаликда қисқа вақтда маҳаллани гиёҳванд ва наркотикфурушлардан тозалаган.

Б.Мадаминовнинг сўзларига қараганда, бу ҳаракатлари учун унга турли тазйиқлар ўтказила бошлаган. Ўтган йилнинг охирларида наркотикфурушлардан бири – шу маҳаллада яшовчи Одина Фозилова унинг уйига бостириб кирган ва хотини билан жанжал чиқарган. Чиқиб кетаётиб, капитанга уни ишдан кетказаман, деб дағдаға қилган.

Шундан сўнг О.Фозилова ўзини Б.Мадаминов ургани ҳақидаги даъво аризаси билан шаҳар прокуратурасига мурожаат қилади. Аммо жиноят тасдиғини топмагач, иш ёпилади. 2003 йил 26 ноябрда Жиноят кодексининг 109-моддаси иккинчи банди билан қайтадан жиноят иши қўзғатилади. Куни-кеча Марғилон шаҳри суди бу ишни кўриб чиқиб, милиция капитани Б.Мадаминовни 3 йил озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди ва унга нисбатан амнистия қўллаб, қамоқдан бўшатишга қарор қилди.

Б.Мадаминов суд ҳукмидан норози эканини айтмоқда. Унинг таъкидлашича, суд жараёнида беш нафар гувоҳнинг сўзлари инобатга олинмаган. Бироқ суд вояга етмаган, воқеа жойида бўлмаган бир гувоҳнинг айтганларига таяниб, ҳукм чиқарган.

Участка инспекторининг айтишича, у наркотикфурушликда айблаб ҳибсга олган кишилар орасида мансабдор шахслардан бирининг укаси ҳам бор. Шунинг учун прокуратура томонидан менга туҳмат уюштирилди, деди у.

Б.Мадаминов милиция ходимлари шаҳар, туман раҳбарларига, участка инспектори эса ҳатто фуқаролар йиғинлари раисларига қарамлигини таъкидлади.

“Агар милиционерлар бу амалдорларнинг айтганларини бажармаса, улар хоҳлаган даражада жазоланиши мумкин. Милиция тўғрисидаги қонуннинг йўқлиги уларнинг ҳуқуқлари паймол этилишига сабаб бўлмоқда”, деди у.

Милиция капитани Б.Мадаминов ҳозирча расмий равишда ишдан бўшатилгани йўқ. Аммо ички тартибга кўра, судланган милиция ходими ишдан кетиши шарт.

Б.Мадаминов шаҳар суди қарорини қайта кўриб чиқишни сўраб, вилоят судига мурожаат этди.
XS
SM
MD
LG