Линклар

logo-print

МХХ матбуот котиби: "Хавфсизлик идораси ўзининг хизматга нолойиқ ходимларини аямайди"

  • Садриддин Ашур

28 январь куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати биносини пикет қилганлар орасида МХХ Қашқадарё вилояти бошқармасининг собиқ ходими Одина Қаршиев ҳам бор эди.

Одина Қаршиев “Озодлик” мухбирига берган интервьюсида ишлаб юрган вақтларида бошқарма раҳбарлари ўз меҳмонлари учун тандир кабоб буюртиргани, лекин пулини бермаганини таъкидлаганди. Унинг айтишича, бунинг оқибатида кабобпазлардан анча-мунча қарздор бўлиб қолган. Шундан сўнг айни масалада раҳбарлар билан ихтилоф чиққан ва у 1996 йилда ишдан бўшатилган.

О.Қаршиевнинг “Озодлик” мухбирига айтган гапларига МХХ матбуот котиби Олимжон Тўрақулов муносабатини баён қилди. Унинг билдиришича, захирадаги катта лейтенант Одина Қаршиев 1993 йил апрелдан 1996 йил ноябригача МХХ идораларида хизмат қилган. 1996 йил 5 ноябрда МХХдаги ҳақиқий ҳарбий хизматдан “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонуннинг 26-моддаси “е” бандига (хизматга нолойиқлик) асосан бўшатилган.

“О.Қаршиев хизмат лавозимидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиш билан боғлиқ хатти-ҳаракатлар содир этган. Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қўй гўштини дудлаш билан шуғулланувчи хусусий тадбиркордан пулини кейин бераман, деб алдаш йўли билан сўйилган қўй гўштини олиб кетган. Лекин пулини бермаган. Суриштирув натижасида аниқланишича, О.Қаршиев савдо дўконларидан ҳам шу йўл билан спиртли ичимликлар олган, жамоат ошхоналарида текин овқатланган. Бу хатти-ҳаракатлар аниқлангандан сўнг у ҳарбий хизматдан бўшатилди. Унинг даъволари (пикетда айтган) нотўғри, ёлғон. Ўзини оқлаш мақсадида айтилаётган гаплар”, деди О.Тўрақулов.

О.Тўрақуловнинг таъкидлашича, ҳарбий хизматдан бўшатилгандан сўнг О.Қаршиев бир неча марта МХХ раҳбариятига мурожаат қилиб, ўзини ишга тиклашни ёки божхона ёхуд чегара қўшинларига ишга жойлаштириб қўйишни сўраган. Баъзида эса ўзини ўзи ёқиб юборишини айтиб, таҳдид қилган.

МХХ матбуот котиби О.Қаршиевнинг аризалари ўрганиб чиқилгани, лекин унинг ишга асоссиз равишда қабул қилинмаганлик ҳолатлари аниқланмаганини билдирди. Ишга қабул қилинмагани сабаби О.Қаршиевнинг шахсий хислатлари ва ишчанлик салоҳияти пастлиги билан асосланган.

О.Тўрақуловнинг айтишича, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарияти ходимлар томонидан содир этиладиган ғайриқонуний ҳаракатларга бундан кейин ҳам кескин чоралар кўради ва бундай ходимлар ҳар қандай ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG