Линклар

ЖИРҒАТОЛДА НИМА ГАП?

  • Сарвар Усмон

"Кейинги пайтларда ишдан бўшатилган тожикистонлик айрим амалдорлар мамлакатнинг Қирғизистон билан чегарадош Жирғатол минтақасида қуролли гуруҳлар тузмоқда". Бу Қирғизистон Республикаси парламенти - Жоғорқу Кенеш депутатларидан бирининг куни кеча қилган баёноти. Ҳозирча, депутатнинг бу баёнотини тасдиқловчи аниқ маълумотлар йўқ. Бироқ, у тилга олган тожикистонлик баъзи арбобларнинг сўнгги кунларда қилган баёнотлари мазмунидан, бу республикадаги вазият кўнгилга хотиржамлик бахш этадиган даражада эмасга ўхшайди.

Жоғорқу Кенеш депутати Баяман Эркинбаев Тожикистоннинг Қирғизистон билан чегарадош Жирғатол туманига қўшни Тавилдарадаги ҳарбий базада президент Раҳмонов ишдан бўшатган собиқ амалдорлар куч тўпламоқда, деган.

- Генерал Саломшо, генерал Мақсумали, Искандар Шох ҳокимиятдан норозилигини билдириб, қуролли гуруҳларни йиғмоқдалар, - деди, жумладан, депутат Эркинбаев.

У қўшни мамлакат ҳудудида норасмий қуролли гуруҳларнинг бўлиши Қирғизистон хавфсизлигига таҳдид солади, деган хавотирда. Депутат ўз хавотирларини Миллий Хавфсизлик хизматига ҳам билдирган.

Қирғизистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Тўқўн Мамитовга кўра, бу маълумотни текшириш юзасидан иш борилмоқда.

- Бир нима дейишга ҳозирча эрта. Хўш, бу маълумотларда қанчалик жон бор? Ким куч йиғаяпти? Текшириш олиб боряпмиз, - деди Қирғизистон Хавфсизлик хизмати вакили.

Жўғўрқу Кенешнинг яна бир депутати Алишер Абдумўмунов эса, "Тожикистоннинг мухолифатдаги кучлари минтақадаги аҳволни кескинлаштиришдан манфаатдор", деган гапларга ишонмаслигини билдирди. Унинг фикрича, республикада бундай маълумотларнинг тарқалишидан манфаатдор кучлар бор.

- Улар, (маълумотларни тарқатаётганлар) жиноий гуруҳлар билан алоқаси бор кишилардир. Улар қурол ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиганлар билан алоқада. Вазиятнинг мураккаблашиб кетиши улар учун фойдали бўлиши эҳтимол, - деди Қирғизистон парламенти депутати Алишер Абдумўмунов.

Бироқ, Тожикистондан сўнгги кунларда олинган баъзи маълумотларга қараганда, депутат Абдумўмунов ихтиёрида бу мамлакатдаги вазият тўғрисида етарли информация йўққа ўхшайди.

Кейинги пайтларда Президент Раҳмонов олиб бораётган кадрлар сиёсати республикадаги турли кучларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда. Душанбедаги ҳамкоримиз турли кузатувчилардан олган маълумотларига таяниб, ҳукуматдаги асосий лавозимларга Имомали Раҳмонов туғилиб ўсган Кўлоб вилоятилик кадрлар тайинланади, деб хабар берган эди.

Мана Президент Раҳмонов ишдан бўшатган ва қирғизистонлик депутат Эркинбаев тилга олган кишилардан баъзилари ва уларнинг баёнотлари.

Саломшо Мухаббатов Бирлашган Тожик мухолифатининг собиқ дала командири. Ўтган йили у "Тожикнефтегаз" корхонаси раҳбарлигидан ишдан олинган эди. Маълумотларга қараганда шу кунда у Жирғатол туманида яшамоқда. Озодлик радиосига берган интервюсида у жумладан шундай деди:

- Агар ҳукумат танлаб олган йўлидан боришни давом эттираверса, биз ўзимизни ҳимоя қилишга мажбур бўламиз. Ўзимизни ва халқимизни бизга қарши қаратилган душманлик ҳаракатларидан ҳимоялашга мажбур бўламиз. Бирлашган Тожик мухолифати командирларини қувватлаб келган кишилар ҳозир ҳам уларни қўллайдилар, буйруқларини бажарадилар. Базаларимиз ўз жойида турибди. Буни ҳамма билади. Одамларимиз ҳам илгари қаерда бўлса, бугун ҳам ўша ерда турибди.

Муҳаммадрўзи Искандаров ҳам Бирлашган Тожик мухолифатининг собиқ дала командири, ҳозирда Тожикистон Демократик партияси раиси. Бундан икки ой муқаддам "Тожикгаз" корхонаси раҳбарлигидан бўшатилган Искандаров шу кунда Жирғатал туманида истиқомат қилмоқда. Унинг фикрича, "жорий ҳукуматнинг асосий хатоси - унинг бир минтақа кадрларига таянаётган- лигидадир".

Журналистларга берган интервюсида Искандаров яқин кунлар ичида маслакдошлари билан ҳамкорликда Тожикистондаги вазият юзасидан халқаро ташкилотлар ҳамда БМТга мурожаат қилажакларини билдирган.

Шуниси характерлики, тилга олинганлар маслакдошлари қаторига уларнинг собиқ рақиблари, фуқаролар уруши пайтида Имомали Раҳмонов томонида туриб курашганлар ҳам қўшилмоқда. Президент гвардиясининг куни кеча ишдан олинган командири Ғаффор Мирзоев ҳам ҳукумат кадрлар сиёсатида регионализмдан қутулиши лозимлигини таъкидлайди. У ҳозиргина тилга олинган собиқ дала командирлари айтган гапларга қўшилишини билдирар экан, жумладан шундай дейди:

- Мен улар айтаётган гапларнинг кўпига қўшиламан. Уларнинг ўз позициясига эга бўлиш ва уни изҳор қилиш ҳуқуқи бор. Адолатсизликнинг кўп эканлигини кўриб турибман. Ўз вақтида биз бу мақсадда курашган эмас эдик.
XS
SM
MD
LG