Линклар

АҚШ иқтисодиётидаги жараёнларнинг бошқа минтақаларга таъсири


Фарангис Саид Ҳозирда АҚШ иқтисодиёти катта суръатлар билан ўсмоқда, - дея қайд этар экан, Лондонда жойлашган “Икономик Интеллиженс Юнит” тадқиқотлар марказининг иқтисодиёт бўлими раҳбари Жерар Уолш, аммо айни вақтда мамлакат иқтисодий соҳасида қатор муаммолар ҳам борлигини айтади.

Бундай муаммолар орасида британиялик мутахассис, биринчи навбатда, ишсизликни қайд этади. АҚШ иқтисодиётида маълум ўсиш кузатилаётганига қарамай, мамлакатда ишсизлар сони камаймаяпти. Жерар Уолш ушбу жараён келаси ойларда авж олиши кутилаётган президентликка сайловолди кампаниясида иқтидордаги Президент Жорж Буш обрўсига салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтади.

АҚШ иқтисодиётидаги бошқа салбий жараёнлар сирасида бюджет тақчиллиги ва доллар қийматининг пасайишини айтиб ўтиш лозим.

Лондонлик мутахассис фикрича, бюджет тақчиллигининг яқин келажакда янада катталашиши ҳукумат, миллий иқтисодиётнинг юксалишига ишонган ҳолда, унга катта маблағ ётқизаётганини англатади. “Лекин бундай сиёсат узоқ давом этиши мумкин эмас”, - дейди Жерар Уолш. Чунки президентлик сайловлари яқинлашган сари, Жорж Буш қабул қилаётган сиёсий ва иқтисодий қарорлар тобора кўпроқ саволлар туғдиради. Уолшга кўра, бюджет тақчиллигининг катталиги Буш мухолифлари томонидан танқид остига олинади. Натижада иқтидордаги президентнинг сайловларда ғалаба қозониш имконлари камайиши мумкин.

Бу АҚШ бюджети тақчиллигининг мамлакатдаги ички вазиятга таъсири ҳақидаги британиялик мутахассис Жерар Уолш фикрлари эди. Хўш, АҚШ иқтисодиётидаги жараёнлар дунёнинг бошқа минтақаларига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Иқтисодчиларга кўра, АҚШ долларининг еврога нисбатан қадрсизланиши Европада ишлаб чиқарилган моллар таннархининг ошиши ва шу боис уларнинг рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келди. АҚШ доллари қийматининг ошиши эса Европа иқтисодиётига маълум даражада ижобий таъсир қилади.

Европа Иттифоқига қўшилиши кутилаётган Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларига-чи? АҚШ иқтисодиётидаги жараёнлар ва доллар-евро курсининг ўзгариши уларга қандай таъсир қилади?

Британиялик мутахассис Жерар Уолш фикрича, АҚШ иқтисодиётининг ўсиши ва Европа мамлакатларининг экспорт маҳсулотлари ҳажми ошиши Европа Иттифоқига қўшилишни режалаштираётган мамлакатлар иқтисодиётига ижобий таъсир қилади:

- Европа Иттифоқининг янги аъзоларига Иттифоққа қўшилиш билан боғлиқ бўлган муайян омиллар таъсир кўрсатади. Умумият-ла, бу таъсир ижобий бўлади. Европа Иттифоқига энди кираётган мамлакатлар иқтисодиёти тузилмага илгаридан аъзо бўлган мамлакатларникига қараганда, каттароқ суръатлар билан ўсади.

Европа Иттифоқига қўшилишни режалаштираётган мамлакатлар иқтисодиётларининг аксарият соҳалари еврога боғланган.

Аммо, улардан фарқли ўлароқ, собиқ совет республикалари учун АҚШ доллари, еврога қараганда, муҳимроқ валюталигича қолмоқда. Хўш, АҚШ долларига кўпроқ қарам бўлган Россия ва Марказий Осиё иқтисодиётларига Америкадаги иқтисодий жараёнлар қандай таъсир қилади? Бу саволга британиялик иқтисодчи Жерар Уолш жавоби мана бундай бўлди:

- Бу мамлакатлар иқтисодиёти учун жорий йилдаги энг муҳим омил – нефт нархи ва нефт экспортидан олинаётган даромад миқдори бўлади. Агар нефт нархлари кескин пасайиб кетса, (биз эса бу йилда айнан шуни башорат қилмоқдамиз), бу собиқ Совет Иттифоқи республикаларига жуда ёмон таъсир қилади.

Шундай дер экан, мутахассис, агар шу билан бирга АҚШ доллари қиймати паст бўлса, нефт савдосидан олинган даромад миқдори миллий валюталарга ўгирилганидан кейин жуда кам бўлишини айтади. Бу эса кўпгина собиқ совет республикалари, хусусан иқтисодиёти нефт экспортига асосланган Россия ва Қозоғистондаги вазиятнинг, сўнгги 2-3 йилга қараганда, анча ёмонлашишини англатади, деб фикр билдиради “Икономик Интеллиженс Юнит” тадқиқотлар марказининг иқтисодиёт бўлими раҳбари Жерар Уолш.
XS
SM
MD
LG