Линклар

ҲОЖИЛАР ХАВФСИЗЛИГИ ТАЪМИНЛАНГАНМИ?


ХАСАНЖОН, Сарвар УСМОН "Ассошиэйтед пресс" хабарига кўра, 29 январ куни Саудия Арабистони Хавфсизлик Хизматининг 5 ходими мамлакат пойтахти Эр-Риёдда экстремистик гуруҳ билан бўлган отишма чоғида ҳалок бўлди. Саудия Арабистони Ички Ишлар Вазирлигига кўра, отишмада иштирок этган бир неча экстремист қамоққа олинган. Катта миқдордаги қурол ва ўқ-дори мусодара этилган. Саудия Арабистони Хавфсизлик Хизмати Ҳажга борганларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳарбий ҳолатга келтирилган. Хўш, дунё мусулмонлари бир умр талпинадиган муқаддас шаҳарлар ҳам бугунга келиб экстремиздан холи эмасми? Саудия ҳукумати ҳожиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун қандай чоралар кўрган? Бу саволларга жавобларни ҳамкасбим Сарвар Усмон излади.

- Сарвар ака, билишимча, бундан уч-тўрт йил аввал ҳаж қилиш Сизга ҳам насиб этган. Сиз борган пайтда вазият қандай бўлган эди? Келинг, гапни шундан бошлайлик...

- Ҳа, Хасанжон, ҳар бир мусулмон учун муқаддас бўлган қадамжоларни тавоф қилиш бахти каминага ҳам Яратганнинг марҳамати билан насиб қилган эди. Мукаррам ва мунаввар деб нисбат бериладиган икки табаррук шаҳар - Макка ва Мадинада шахсан мен ўзимни шу қадар енгил ва шу қадар хотиржам сезгандимки, ўша ҳис ҳаж сафарига боргунимча бўлмаган, қайтганимдан кейин ҳам тўғриси, бундай туйғуни сезганим йўқ. Бироқ, афсуски, бугунга келиб муқаддас зиёратгоҳлардаям террор хавфи пайдо бўлганга ўхшайди.

- Саудия ҳукумати экстремистик чиқишларнинг, хусусан, 29 январ куни юз берган тўқнашувнинг олдини олиш бўйича чоралар кўрган эмасми?

- Маълумотларга қараганда, чоралар кўрилган. Ҳар қалай, бу йилги ҳаж мавсуми бошланар экан, Саудия расмийлари ҳар қандай террористик ҳуружнинг олдини олиш учун чоралар кўриб қўйганлари тўғрисида баёнотлар бергандилар.

28 январ куни Макка шаҳрида минг нафар атрофидаги ҳарбий хизматчи, шу жумладан мерганлар, саперлар ҳамда чегарачи аскарлар командалари ҳамда уларнинг ҳарбий техникаси тайёрлиги кўриги бўлиб ўтди. Ҳарбийлар паради пайтида кўтарилган шиорлардан, "ҳожилар хавфсизлиги учун, агар керак бўлса, ўзимизни қурбон қилишга тайёрмиз", деган мазмундаги ваъдаларни ўқиш мумкин эди.

Ички Ишлар вазири Шаҳзода Найиф шу куни Жиддада журналистлар билан ўтказган учрашуви чоғида "Саудия хавфсизлик хизмати ходимлари ҳожилар ибодатининг рисоладагидай ўтишига монелик қилиши мумкин бўлган ҳар қандай тажовузга қарши туришга тайёр", деди.

- Ислом терроризмдан йироқ ва у террорчиликни мутлақо инкор этади, Саудия Арабистони исломий давлат, саудияликлар эса мусулмон бўлгани боис, Саудия раҳбарияти ўз ҳудудларининг террорчилар "коридори"га айланишига йўл қўймайди. Воқелик буни мутлақ инкор этади, - деди Шаҳзода Найиф.

- Сарвар ака, 29 январ куни экстремистлар гуруҳи билан Эр-Риёд полицияси ўртасида бўлиб ўтган тўқнашув кейинги пайтларда юз берган бундай воқеанинг биринчиси эмас. Ўтган йилги ҳаж мавсуми тугаганидан кейин май ва ноябр ойларида бир неча худкуш бомбачи Эр-Риёдда амалга оширган портлашлар туфайли 50 дан зиёд киши нобуд бўлган эди...

- Худди шунинг учун ҳам Саудия расмийлари бу йил хавфсизлик масалаларига ошиғич эътибор қаратаётибдиларда. Бу йилги мавсум Саудия ҳарбийлари исломий жанггарилар гуруҳларини йўқ қилиш билан шуғулланаётган пайтга тўғри келди. Яқинда бу гуруҳлар қироллик ҳудудида 23 тонна портловчи модда ҳамда қуруқлик-ҳаво русумидаги камида битта ракетани қўлга киритгани маълум бўлган эди.

Саудиядаги жанггарилар гуруҳлари, айниқса, уларнинг Ал-Қайда террор тармоғига уланганлари Қиролни тахтдан ағдариш ҳамда исломий ақидапарастликка асосланган утопик жамият қуришни мақсад қилиб олган.

- Сарвар ака, келинг энди Саудиядаги бугунги вазиятга бу мамлакатлик бўлмаган таҳлилчилар назари билан қарашга ҳаракат қилиб кўрайлик.

- Марҳамат, радиомиз мухбирлари мавзу юзасидан бир қатор мутахассислар билан суҳбатлашган.

Масалан, Лондондаги Шарқ ва Африкашунослик тадқиқот марказининг Ислом институти директори, профессор Абдул Ҳалимнинг фикрича дунёнинг турли минтақаларидан ҳаж ибодатида бўлиш учун келадиганлар агар чин мусулмон бўлсалар, террорчи эмаслар. Яъни, ҳожиларни экстремистликда гумон қилиш ярамайди, деган фикрни изҳор қилар экан, у жумладан, шундай дейди:

- Бирор мусулмон Ҳаж пайтида террор ҳужуми қилиш имконини қабул қилмайди. Чунки Қуръони Каримда Макка шаҳри ҳамда ҳаж ибодатида бўлинувчи унинг атрофидаги бошқа барча ҳудудлар хавфсиз ва тинч бўлиши айтилган ва мен бирор исломий гуруҳнинг ҳаж пайтида террор ҳаракатларини амалга оширишларига ишонмайман, зеро бундай ҳаракат уларнинг ўзларига қарши қаратилган улкан пропаганда бўлур эди, - дейди лондонлик таҳлилчи.

Бироқ, хавфсизлик масалалари бўйича баъзи мутахассислар бу фикрга қўшилмайдилар.

Хавфсизлик сиёсати Женева маркази таҳлилчиси Шаҳрам Шубин фикрича, ҳажнинг муқаддаслиги террорчиларни ҳужум уюштиришдан тўхтата олмайди.

- Исломий жанггарилар, қолаверса, бутун Мусулмон дунёси учун Қуръоннинг битта, ҳамма бирдай қатъий амал қиладиган талқини йўқ. Турли гуруҳлар Муқаддас Оятларни ўз манфаатларига мослаб талқин қиладилар. Масалан, улар "Саудиядаги жорий ҳокимият чириб битган режим бўлса, у ағдарилиши керак ва Қуръон бизга шундай ҳуқуқни беради", дейишлари мумкин,- дейди швейцариялик таҳлилчи.

- Сарвар ака, террорчию экстремистларсиз ҳам Маккаи Мадинада ҳожиларни кутиб турадиган муаммолар етарли бўлса керак. Масалан, иқлим ўзгаришининг ўзини олиб кўрайлик. Ўзбекистонда ҳозир қиш. Саудияда эса, деярли ёз...

- Тўғри айтасиз, Хасанжон. Иқлимдаги кескин фарқ туфайли, меҳмонхоналарда доим ишлаб турувчи кондиционерлар туфайли кўпчилик тезда шамоллаб қолади. Бунинг устига шу кунларда Жанубий Осиё мамлакатларида парранда гриппи тарқала бошлади. Бу минтақадаги мусулмон давлатларидан ҳам юз минглаб киши ҳажга боради. Икки миллиондан зиёд одам бир жойга йиғилган шароитда касаллик тарқалиши хавфи кучайиб кетиши мумкинлиги тўғрисида гапирмасаям бўлади. Қолаверса, турли йилларда юз берган бахтсиз ҳодисаларни эслаш мумкин. Масалан, Минодаги ёнғин мен ҳаж қилган йили юз берган эди.

Шунга ўхшаш муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш мақсадида Саудия расмийлари, маълумотларга қараганда, бу йил ҳам жуда кўп врачларни ишга жалб этган. Бу йил 20 та касалхона, 188 та тиббиёт маркази, 155 та тез ёрдам машинаси фақат хожиларга хизмат қилишга тахт қилиб қўйилган. 10 минг нафардан зиёд маҳаллий доктор ва ҳамширага бу йил Буюк Британиядан ҳам 100дан ортиқ доктор ёрдамга келди.

Умид қиламизки, шу кунларда ҳаж ибодатларида бўлиб турган тингловчиларимиз ва уларнинг яқинлари докторларга иши тушмай, соғ-саломат ватанларига қайтадилар.
XS
SM
MD
LG