Линклар

Пикетлар давом этади, расмийлар эса бепарво


Тўлқин 2004 йил – Меҳр ва мурувват йили Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва оддий фуқароларнинг норозилик чиқишлари билан бошланди.

Хусусан, ўтган бир неча кун ичида Бош прокуратура, Тошкент шаҳри прокуратураси, Ўзтелерадиокомпания, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Олий суд ва тарихда биринчи марта Миллий хавфсизлик хизмати бинолари пикет қилинди.

Мазкур норозилик акциялари иштирокчиларининг талабларини икки тоифага бўлиш мумкин. Биринчи тоифага у ёки бу амалдорнинг, давлат раҳбари ва ҳукумат аъзоларининг истеъфоси, сиёсий ислоҳотлар ўтказиш каби сиёсий талабларни киритиш мумкин. Иккинчи тоифадан эса ноҳақ судланишлар, ҳуқуқларнинг бузилиши каби маиший талаблар ўрин олган. Бундай талаблар билан чиқадиган пикетчиларни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Константин Степанов бошчилигидаги гуруҳ деса ҳам бўлади. Маиший талаблар билан чиққан бу гуруҳ 29 январь куни Олий суд биносини пикет қилган эди.

К.Степановнинг таъкидлашича, мазкур пикет қатнашчиларининг барчаси суд ва прокуратура тизими вакиллари томонидан ҳуқуқлари паймол қилинган кишилардир.

Пикет иштирокчиларидан бири Эсонали Тилововнинг айтишича, уни қаматишиб, уйини олиб қўйишган. Уйимни қайтариб олиш мақсадида пикетга чиққанман, деди у.

Башорат Ешова ҳам уйини маҳаллий ҳокимлик олиб қўйгани учун норозилик билдираётганини айтди.

Одатда пикетларда сиёсий талаблар билан пикетларда иштирок этадиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматов сўзларига қараганда, фуқаролар ҳуқуқи паймол этилганда бир неча усулда жавоб қайтариш мумкин.

“Биринчиси, бўлиб ўтган воқеага тақдир сифатида қараб, индамаслик. Бу -Ўзбекистон аҳолисига хос усуллардан бири. Иккинчиси, ҳуқуқини бузган одам билан жисмоний куч ишлатиб жанжаллашиш. Бу - чеченларга ўхшаган инсонларга хос хусусият. Учинчиси пулдорларга хос усул бўлиб, улар ўзининг ҳуқуқини бузганларга қарши жиноий элементлар хизматидан фойдаланади”, деди А.Бойматов.

А.Бойматовнинг фикрича, бу усуллар ҳақ-ҳуқуқ учун курашнинг ёввойи усулларидир. Аммо ёввойи усуллар ишга тушмаслиги учун маданий усуллардан фойдаланиш керак. Яъни маданий усуллар пикет уюштириш ёки қонунда белгиланган бошқа меёрлар бўйича ҳуқуқни ҳимоя қилишда кўринади.

Кузатувчиларнинг фикрича, кўп ҳолларда пикетчиларнинг бу чиқишларига расмий идоралар вакиллари муносабат билдирмаётир. Шунга қарамай, К.Степановнинг айтишича, пикетчилар ўз норозилик чиқишларини давом эттираверади.
XS
SM
MD
LG