Линклар

Ишсизлик жиноятга бошлайди


Нурбек Самарқандда вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик тобора кўпайиб бормоқда. Кузатувчилар бунинг сабаби ишсизликда эканини айтаётир. Маълумотларга қараганда, биргина Самарқанд шаҳрида 200 мингга яқин йигит-қиз ишсиздир.

Тайинли иши ва бошқа даромад манбаи бўлмаган ёшлар турли ноқонуний йўллар билан пул топишга мажбур бўлаётир. Самарқандлик сиёсатшунос Саидали Рофиевнинг айтишича, вилоятда саноат корхоналарининг ишламаслиги, давлат муассасаларидаги иқтисодий инқироз ишсиз ёшларнинг катта армияси вужудга келишига замин ҳозирлаган. Ҳозир вилоятдаги билагида кучи бор ёшларнинг аксарият кўпчилиги иш йўқлигидан қари ота-оналарининг нафақаси ҳисобига кун кўрмоқда.

Суҳбатдош Зафар Хидировнинг таъкидлашича, вилоятда талабчан, масъулиятли, интилувчан ёшлар кўп бўлиб, улар тайинли иш топа олмай сарсон-саргардон бўлмоқда. Меҳнат биржалари орқали иш топиш мумкин. Аммо йиллаб, ойлаб маош олмагани, иш ҳақининг камлиги сабабли биржалар таклиф этадиган ишга ҳеч ким бормайди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Самарқанд шаҳри кенгаши раиси Фахриддин Ашуров ўз ташкилоти ишсизларга ёрдам кўрсатиш имкониятига эга эмаслигини таъкидлади. У бунга сабаб саноат корхоналарининг бекор тургани, ишсизлик шунинг орқасидан келиб чиқаётганини билдирди.

Кузатувчиларнинг айтишича, айни пайтда Самарқандда қурилаётган 20 га яқин замонавий спорт иншоотига сарфланаётган маблағнинг ҳеч бўлмаганда ўн фоизи янги иш ўринлари яратишга йўналтирилса, ишсизлик муаммоси ечимини топган бўларди.
XS
SM
MD
LG