Линклар

Козим Тўлаганов – Тошкент вилояти ҳокими


Шайбон Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг 29 январь куни ўтказилган навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаётган Козим Тўлаганов мазкур вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Шу вақтгача вилоят ҳокими бўлиб ишлаб келган Уммат Мирзақулов эса нафақага чиққани муносабати билан лавозимидан озод этилди.

“Озодлик” мухбири К.Тўлагановнинг вилоят ҳокими лавозимига тайинланиши сабаблари ҳақида расмий идоралардан жўяли жавоб ола олмади. Мустақил журналист, сиёсатчи Исмат Хушев эса бу борадаги мулоҳазалари билан бажонидил ўртоқлашди.

“Биринчидан, Шавкат Мирзиёев Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ҳокими бўлиб ишлаган пайтларда К.Тўлаганов унга бевосита кўрсатма бера оладиган раҳбар эди. Ш.Мирзиёев Бош вазир бўлганидан сўнг эса унинг К.Тўлагановга буйруқ бериб туриши ақлга сиғмайдиган ҳолатдир. Иккинчи томондан, К.Тўлаганов Ўзбекистон Президентининг шубҳали сафдошлари рўйхатига киритилган”, деди И.Хушев.

Маҳаллий кузатувчилар ва сиёсатчилар эътирофича, К.Тўлаганов қурилиш соҳасини яхши тушунадиган раҳбар. Аммо қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли малакага эга эмас. Шу боис, унинг Тошкент вилояти ҳокимлигига тайинланишини қишлоқ хўжалигини ривожлантириш билан боғлаш ҳақиқатан йироқ.

И.Хушевнинг айтишича, К.Тўлагановнинг вилоят ҳокимлигига тайинланиши ортида сиёсий ўйин бор. Жорий йил охирида бўлиб ўтадиган сайловда Ислом Каримовга хайрихоҳ кучларнинг парламентга келишини таъминлай олса, Президентга ва ҳукумат сиёсатига қарши кучлар турли йўллар билан депутатликка ўта олмаса, унда К.Тўлаганов бир неча йиллардан сўнг вилоят ҳокимлигидан яна ҳукуматдаги катта лавозимларга қайтиши мумкин.

Айрим маҳаллий кузатувчилар Тошкент вилояти сессияси ёпиқ тарзда ўтказилганини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, ҳатто дадил фикрга эга бўлган айрим вилоят кенгаши депутатлари ҳам сессияга киритилмаган.

Кузатувчилардан бирининг эътирофича, маъмурлар бундай депутатларнинг К.Тўлагановнинг раҳбар сифатидаги камчиликларини яхши билишидан, сессия чоғида бирор савол бериб, уни довдиратиб қўйиши мумкинлигидан чўчиган.
Айрим маълумотларга кўра, Тошкент вилоятининг эндиликда собиқ ҳокими Уммат Мирзақулов юмшоқ феълли киши. У бир вақтлар Гдлян ва Иванов бошчилигидаги тергов гуруҳининг Ўзбекистонга хуружи қурбони бўлган.

И.Хушев унинг бу лавозимидан бўшатилиш сабабларига тўхталар экан: “Бошқа вилоятларда ҳам У.Мирзақуловга ўхшаш феълли раҳбарлар бўлса, улар бугундан эътиборан ҳушёр бўлиши керак. Энди Ислом Каримов ва Ўзбекистон ҳукуматига бунақа характерли раҳбарлар керак эмас. Балки ҳукуматга ва Президентга ўзларига харихоҳ бўлган кишиларнинг парламентга сайланишини қандай йўл билан бўлсин таъминлайдиган амалдорлар керак”, деди.
XS
SM
MD
LG