Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:21

Хорижий нодавлат ташкилотлари қайта рўйхатдан ўтишлари


Фарангис Саид Ўзбекистонда фаолият юргизаётган барча хорижий нодавлат ташкилотлари каби, Очиқ Жамият Институти ҳам 1 мартга қадар рўйхатдан ўтиш учун талаб қилинган ҳужжатларни Ўзбекистон Адлия Вазирлигига тақдим этиши керак.

Ташкилотнинг Ижроия Директори Алишер Илҳомов берилган муҳлат етарли эмаслигини айтади:

- Биз ҳужжатларни тайёрлаяпмиз. Уларни вақтида тақдим этишга ҳаракат қиляпмиз. Аммо 1 мартгача рўйхатдан ўтиш учун зарур бўлган ҳужжатларни Вазирликка тақдим эта олмасак керак. Демак, 1 мартдан кейин, ҳеч бўлмаса, бир мунча вақт давомида фаолиятимиз тўхташи муқаррар.

Илҳомовнинг айтишича, илгари хорижий нодавлат ташкилотлари фақат Ташқи Ишлар Вазирлиги рўйхатидан ўтиши керак эди. Эски талабларни бажариш янгиларига қараганда нисбатан осон эди, дер экан Алишер Илҳомов, Адлия Вазирлиги талаб қилаётган ҳужжатлар рўйхати жуда катталиги ва уларни йиғиш кўп вақт олишини айтади.

Ўзбекистон ҳукумати нима сабабдан рўйхатдан ўтиш талабларини ўзгартиргани номаълум. Ташқи Ишлар Вазирлиги бераётган тушунтиришга кўра, мазкур қонун 1999 йилда қабул қилинган, лекин амалда қўлланмай келинган эди. Эндиликда Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий нодавлат ташкилотлари шу қадар кўпайиб кетди-ки, қонунни қўллаш вақти келди, дейишмоқда расмийлар. Маълумотларга кўра, республикада 100дан зиёд халқаро ноҳукумат ташкилотлари иш олиб бормоқда.

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларнинг Олдини Олиш Гуруҳи Ўзбекистонда рўйхатдан ўтмаган. Гуруҳнинг Ўшда жойлашган Марказий Осиё бўйича лойиҳаси раҳбари Дэвид Люис фикрича, Ўзбекистон ҳукумати нодавлат ташкилотларига доимо босим кўрсатиб келган. “Янги қарор мана шу босимнинг яна бир кўриниши”, дейди Люис:

- Ҳукумат ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш мақсадида ҳозирда юритиш мумкин бўлган фаолиятга янги чекловлар жорий этмоқда. Бунинг оқибати қандай бўлишини ҳозирда айтиш қийин.

Ўзбекистондаги яна бир халқаро ноҳукумат ташкилоти раҳбари Жош Макледер янги талаб оқибатлари қандай бўлишини айтиш қийин, деган фикрга қўшилади. Айни вақтда у нима сабабдан хорижий ташкилотларни рўйхатга олиш вазифаси одатда ички масалалар билан шуғулланадиган Адлия Вазирлиги зиммасига юклатилган, деган саволни ўртага ташлайди:

- Умуман олганда, ушбу ташкилотлар Ўзбекистонда маълумот йиғиб, уни хорижда тарқатиш билан шуғулланади. Айрим ташкилотлар, масалан Хюман Райтс Уотчга маҳаллий матбуот орқали туҳмат қилинди, махсус кампания уюштирилди. Маълумот тарқатиш билан шуғулланадиган яна икки ташкилот - Бўҳронларнинг Олдини Олиш Гуруҳи ва Лондонда жойлашган Уруш ва Тинчликни Ёритиш Институтининг рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги сўровига рад жавоби берилди.

Ўтган ойда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хюман Райтс Уотч ташкилотини маҳалла қўмиталари орқали инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ҳақида ёзгани учун танқид қилган эди. “Халқ сўзи” газетаси эса хорижий ташкилотларни мамлакатда Ғарб ҳаёт тарзини ташвиқ этаётгани учун танқид остига олди.

Дэвид Люис фикрича, Ўзбекистон ҳукуматини халқаро ташкилотларни қайта рўйхатдан ўтказишга Грузиядаги ходисалар мажбур қилган:

- Бу қисман Грузиядаги ходисалар ёки уларни талқин қилиш билан боғлиқ. Грузияда халқаро ташкилотлар мухолифатни қўллаб-қувватладилар, деган фикр мавжуд. Тўғри ёки нотўғрилигидан қатъи-назар, бу фикр Марказий Осиё раҳбарлари руҳиятига қаттиқ таъсир қилган кўринади.

Сўнгги 10 йил давомида Грузияда Миллий Демократия Институти, Халқаро Республика Институти ва Очиқ Жамият Институти иштирокида сиёсий фикрлар хилма-хиллигини таъминланди. Кузатувчиларга кўра, айнан кўпфикрлилик Грузия инқилобида асосий рол ўйнаган.

Бу гуруҳлар Ўзбекистонда ҳам фаолият олиб боради.

Халқаро нодавлат ташкилотларини қайта рўйхатдан ўтказишнинг асл сабаби Ўзбекистон раҳбарларининг Грузия ходисаларининг республикада такрорланишидан хавфсираётгани эмасми? Тошкент расмийлари Ўзбекистонда ҳам инқилоб юз беришининг олдини олишга уринаётганларини инкор этиб, янги талаб ташкилотлар фаолиятини чекламаслигини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG