Линклар

Германиянинг Марказий Осиë интилишлари


А. Арол Германия қарийб ярим аср давомида бошқа мамлакатлар билан сиëсий ва ҳарбий муносабатлар ўрнатишга унчалик мойиллик кўрсатмай келди. иқтисодийëти қувватли, ишлаб чиқаргам маҳсулотлари сифати бутун дунëга маълум бўлса-да, дипломатик соҳада Германия деярли катта мавқега эга бўлмади. Бироқ кейинги пайтларда Германия ҳукумати халқаро саҳнада ҳам ўз таъсирини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Германиянинг Афғонистон ва Марказий Осиëда олиб бораëтган фаолияти бунинг далили бўлиши мумкин.

Германия Мудофаа Вазири Питер Штрук сўзи билан айтганда, эндиликда Германия хавфсизлиги Ҳиндукуш тоғларидан туриб ҳимоя қилинмоқда. Сўнгги ўн йил ичида Ғарбий Европада энг катта давлатга айланган Германия учун собиқ Варшава блоки томонидан келадиган хавф аллақачон ниҳоясига етиб бўлди.

Эндиликда Германия ҳукуматини кўпроқ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, Афғонистон каби узоқ ўлкаларга ўз ҳарбий кучларини жойлаштиш орқали ватанини ҳимоя қилиш қизиқтирмоқда.

Германия АҚШ бошчилигидаги Ироқ урушида қатнашмаган бўлса-да, мустақил сиëсий таҳлилчи Ҳайнц Шултига кўра, Берлин халқаро терроризмга қарши курашда тўлиқ иштирок этиб келмоқда.

- Германия терроризмга қарши курашиш тақозо этилаëтганини ҳис этган ва бу кураш усулини аниқ тасаввур қилган. Шунинг учун ҳам бу курашда иштирок этмоқда. Бунга Афғонистонда "Ал Қайда"ни бартараф этишга қатнашиши мисол бўла олади, - дейди таҳлилчи Шулти.

Маълумки, Афғонистонда Германия ҳарбий кучлари Нидерландия аскарлари билан биргаликда 2002 йилнинг биринчи ярмида Халқаро тинчлик сақловчи кучларга қўмондонлик қилди.

Германия ҳарбий кучлари ташаббуси билан ўтган йили биринчи бор Халқаро тинчлик сақловчи кучлар пойтахт Кобулдан бошқа шаҳарларга ҳам бориб жойлашди. Ҳозирги пайтда Германиянинг тақрибан 200 аскари Тожикистон билан чегарадош Қундуз вилоятида қайта қуриш ишларини олиб бориш учун шаҳар хавфсизлигини таъминламоқда.

Берлин Афғонистондан ташқари бу минтақадаги бошқа давлатлар билан ҳам ўз алоқаларини ривожлантирмоқда. Ўтган ҳафтада Германия делегацияси Тожикистонда бўлиб, зарурат пайдо бўлганда Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги Германия аскарларини эвакуация қилиш учун Тожикистон ҳарбий базасидан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилди.

Минтақадаги бошқа бир давлат – Қозоғистон билан Германия ўртасидаги муносабатлар ҳам ривожланиб бормоқда. Германиянинг бу мамлакатга қизиқиши ўзгача. Бир томондан Қозоғистонда тахминан 300 минг этник немис истиқомат қилса, бошқа томондан қозоқ нефти ва табиий гази Берлинни ўзига жалб этмоқда. Ўтган ойда Қозоғистонга ташриф буюрган Германия Канцлери Герҳард Шрëйдернинг айтишича, Германия савдогарларини Қозоғистондаги сиëсий барқарорлик ва табиий бойликлар ўзига тортмоқда.

Қозоғистоннинг, Германиядан ташқари, Руссия ва Хитой билан ҳам алоқалари тиғиз. Шунингдек, АҚШнинг ҳам бу минтақага қизиқиши катта. Шунга қарамай, Германия Қозоғистонда ўзининг етарли ўрни бор, деб билади. Ўзаро муносабатлар ривожланиб бораëтгани натижасида, бугунга келиб қозоқ-немис қўшма корхоналари сони 266 тага етган. 2003 йилнинг биринчи уч чораги мобайнида икки томонлама савдо ҳажми 620 миллион долларга тенг бўлган.
XS
SM
MD
LG