Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:11

Доллар баҳоси тушди, нарх-наво пасаймади


Ўзбекистон бозорларига ХХ асрнинг 90-йилларида кириб келган АҚШ доллари ўтган давр мобайнида ўз қадрини бир неча бор синаб кўрди.

Яқин-яқинларгача Ўзбекистонда нарх-наво АҚШ долларининг чайқов бозордаги қадр-қиймати билан боғлиқ эди. Бундан бир қанча вақт муқаддам 1 доллар 1500-1600 сўмга чиққанини кўпчилик яхши эслайди. Ўтган йилдан бошлаб эса долларнинг курси пасайиб, Марказий банк ва чайқов бозор курслари тенглашиб қолди. 29 январда расмий курс 984 сўм 61 тийин эди. Тижорат банклари эса сотиб олиш ва сотиш курсларини ўзлари белгилайди. Лекин бу расмий курсдан кўп ҳам фарқ қилмайди.

Хўш, долларнинг қиймати 1500 сўмдан 984 сўмга тушгач, ички бозордаги нарх-навога қанчалик таъсир кўрсатди?

Харидорларнинг сўзларига қараганда, бу ҳолат маҳсулотларнинг нархига унчалик таъсир кўрсатмаган. Айниқса, маиший техника воситаларининг баҳосида ўзгариш деярли йўқ.

Тошкентнинг Навоий кўчасидаги савдо қаторида экрани 51 сантиметр бўлган LG телевизорлари ўтган йили 220 минг сўм атрофида сотилган эди. Бугунги кунга келиб ҳам унинг нархи деярли ўзгармаган.

Маиший техника воситалари билан савдо қиладиган дўкон сотувчиларидан бирининг айтишича, телевизор, дазмол, совутгич каби рўзғорбоп товарларнинг нархи тушмаётганига сабаб доллар баҳоси пасайгани билан божхона тўловларининг ошиб бораётганидир. Бож тўлови маҳсулот нархининг 70 фоизини ташкил этади. Транспорт ва бошқа харажатлар билан уларнинг баҳоси аҳолига етиб боргунча асл қийматидан икки баробаргача ортиб кетади.

Иқтисодчиларнинг фикрича, нарх-навони кузатаётганда аҳолининг харид қувватини ва эҳтиёжини ҳам ҳисобга олиш керак. Бироқ Ўзбекистон аҳолисининг ҳозирги иқтисодий аҳволидан келиб чиқиладиган бўлса, нарх-навонинг пасаймаётганига божхона тўловининг юқорилиги ва импортёрлар ўртасида рақобатнинг йўқлиги сабабдир.
XS
SM
MD
LG